Қочқинлар, кўчирилганлар ва бошпана изловчилар сони 84 млдан ошди. Одамлар можаролар, зўравонликлар, иқлим ўзгариши оқибатлари ва таъқиблар туфайли уйларини ташлаб кетишмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармасининг янги ҳисоботида айтилмоқда.

2021 йилнинг биринчи олти ойида дунё бўйлаб кўчирилганлар сони 82,4 миллиондан 84 миллионгача ошган. Улар орасида 21 миллион қочқин, 51 миллионга яқин ички ҳудудларда кўчирилганлар, 4,4 миллион бошпана изловчилар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар бор.

«Халқаро ҳамжамият одамларни уйларини ташлаб кетишга мажбур қиладиган зўравонлик, таъқиб ва инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини ололмаяпти», — дея таъкидлади БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди. Унинг сўзларига кўра, аҳолининг кўчиши билан боғлиқ вазият иқлим ўзгариши оқибатлари туфайли янада оғирлашмоқда.

Ҳисоботга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида ички ҳудудларда кўчирилганлар сони 48,6 миллиондан 50,9 миллионга кўпайган. Бу ўсиш, биринчи навбатда, можаролар ва зўравонликлар туфайли содир бўлган.

Йилнинг биринчи ярмида ички ҳудудда кўчирилганлар сони ортган мамлакатлар қаторида ҳисобот муаллифлари Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Мозамбик, Мянма ва Жанубий Суданни келтирган.

Қочқинлар сони 2021 йил июнь ойи охирида 20,8 миллион кишини ташкил этган, бу ўтган йил охирига нисбатан 172 минг кишига кўп. 2021 йилда қочқинлар сонининг кўпайишига биринчи навбатда бешта давлат — Марказий Африка Республикаси, Жанубий Судан, Сурия, Афғонистон ва Нигерияни тарк этган резидентлар сабаб бўлгани айтилган.

Ҳисоботда айтилишича, қочқинларнинг аксариятини ҳали ҳам 6,6 миллион кишидан иборат Сурия фуқаролари ташкил этмоқда. Улардан кейин қочқинлар рўйхатида иккинчи ўринни венесуэлаликлар эгаллаб турибди, уларнинг сони 3,7 миллионни, Афғонистон фуқаролари эса 2,7 миллионни ташкил этади.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, қуролли тўқнашувлар, COVID-19 пандемияси, қашшоқлик, озиқ-овқат муаммолари ва иқлимдаги фавқулодда вазиятлар кўчирилган одамларнинг аҳволини янада кучайтирмоқда. Бугунги кунда қочқинларнинг аксарияти паст ёки ўрта даромадли мамлакатларда яшайди.

Маълумотга кўра, энг кўп қочқинларни қабул қиладиган давлат Туркия ҳисобланади. Мамлакат ҳудудида 3,7 миллион қочқин бор. Ундан кейин Колумбия, Уганда, Покистон ва Германия туради.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги раҳбари халқаро ҳамжамият тинчликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириши, шунингдек, қочқинлар ва уларни қабул қилувчи жамоаларга ёрдам бериш учун кўпроқ маблағ ажратиши кераклигини таъкидлади.