Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шухрат Вафаев 9 ноябрь куни Франкфурт шаҳрида Германия иқтисодиёти шарқий қўмитаси томонидан ташкил этилган «Диққат марказида — Марказий Осиё. Иқтисодиёт ҳақида суҳбат» халқаро анжуманида иштирок этишди.

ИТСВ раҳбари ўринбосари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Шухрат Вафаев Европа, хусусан Германия, ва Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон, ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун йирик имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

«Биринчидан, бизнинг иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдириши сабабли. Биз қандайдир савдо бозорларида, хом ашё бозорларида рақобат қилмаймиз. Бизда энергетик ресурслар, хом ашё ресурслари, меҳнат ресурслари мавжуд. Германиянинг эса технологиялар ва ресурсларни самарали қайта ишлаш имконияти бор», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, «Ўзбекистоннинг амбициялари хом ашё манбаси бўлиб қолишдан кўра кенгроқ». «Шунинг учун биз қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқаришни босқичма-босқич ривожлантиряпмиз. Ва бу ерда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун яна бир йўналиш ва соҳа пайдо бўлмоқда, биз ишлаб чиқариш, қайта ишлашнинг бир қисмини Ўзбекистонда амалга оширмоқчимиз, шу орқали бугунги кунда глобал етказиб бериш занжирларида юзага келган бўшлиқларни тўлдириш мумкин», — дея таъкидлади Шухрат Вафаев.

Вазир ўринбосари бу оддий эмас, балки комплекс вазифа эканлигини тан олди.

«Биринчи навбатда, одамларни касбларга ўргатиш, уларга юқори технологияли қурилмаларда ишлаш ва сифатли маҳсулотни ишлаб чиқариш имкониятини берувчи кўникмаларни беришдан бошлаш керак. Стандартлар, қонунчилик ва бошқа кўплаб масалалар бўйича ишлар керак. Ва бу ерда молиялаштириш ҳам жуда муҳим», — деди у.

ИТСВ раҳбари ўринбосари ушбу масалаларнинг барчасига ечим топиш мумкинлигини айтди. Германия ва Ўзбекистонда бу учун «керакли ресурслар, хоҳиш, сиёсий ирода» мавжуд.

Шунингдек,Шухрат Вафаев инфратузилма, айниқса транспорт ва энергетик инфратузилманинг муҳимлигини ҳам тан олди.

«Бизнинг бу соҳадаги стратегиямиз жуда оддий — биз замонавий технологияларга асосланган янада самаралироқ ишлаб чиқариш қувватларини жорий қилиш орқали, биринчи навбатда, энергетика соҳасида инфратузилманинг самарадорлигини оширамиз. Бу буғ-газ қурилмалари, иссиқлик энергетикасидаги бирлаштирилган цикл. Биз фаол равишда қайта тикланувчи энергетика соҳасини жорий қилмоқдамиз. Ҳозирги кунда амалга ошириш ва қурилиш жараёнида бўлган 4 ГВт лик лойиҳаларимиз мавжуд, ва биз бу жараённи давом эттирамиз», — деди у.

Ўзбекистон модернизация ва инфратузилмани кенгайтиришга хусусий сектор, хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг муваффақиятли амалиётини бошқа соҳаларда, жумладан автомобиль йўллари ва темирйўллар, авиатранспорт соҳаларида ҳам жорий қилмоқчи. Чунки модернизация қилиш, инфратузилма самарадорлигини яхшилаш бўйича эҳтиёжлар катта, айниқса молиявий нуқтайи назардан, дея таъкидлади Шухрат Вафаев.

«На давлатда, на ривожланиш бўйича ҳамкорларда ушбу инфратузилмани тезлик билан тартибга келтириш ва уни сифатли қўллаб-қувватлаб туриш учун маблағлар мавжуд эмас. Бундай вазиятда хусусий ва хорижий инвесторни жалб қилиш ягона ва мантиқий йўл бўлади. Бу учун инвесторларга қулай ишлашга имконият очадиган шароитлар яратиш, қонунчилик, регулятор базасини шакллантириш лозим. Бунинг учун давлат шартнома бўйича ўз бўйнидаги мажбуриятларни бажариши тўғрисида кафолат бериш керак», — деди у.

Шу билан бирга, вазир ўринбосари Ўзбекистон инфратузилмага инвестиция киритишга қизиқаётган инвесторлар ўртасида рақобат ва рақобат муҳитини яратиш учун фаол иш олиб бориши кераклигини қайд этди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 560,5 млн долларни (жами ташқи савдонинг 2%) ташкил қилган. Ушбу кўрсаткич кетма-кет учинчи йил пасайиб бормоқда. Таққослаш учун: ўтган йилнинг шу даврида кўрсаткич 572,3 млн доллар, 2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида эса 743,7 млн долларни ташкил қилган эди.