2020 йилда «Лукойл» компанияси Ўзбекистон бозорига бирламчи 5 млрд куб метр газ сотган. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Беҳзот Норматов «Газета.uz» мухбири саволига жавоб бера туриб, маълум қилган.

Вазир ўринбосари Россия компанияси «кўк ёқилғи» экспортини бутунлай тўхтатганини инкор этди.

«Асосий истеъмолчимиз Хитойда пандемия туфайли талаб камайганига экспортимиз ҳам қарийб беш бараварга камайди. „Лукойл“ бу йўналишда экспортни тўхтатгани йўқ», — деди Норматов.

Унинг сўзларига кўра, «Лукойл» экспорт ҳажмини камайтириш ва минимал даражада ушлаб туришга қарор қилган, чунки компания газни «ноқулай нархларда» экспорт қилмайди.

«Бунга қарамасдан „Лукойл“ компанияси билан музокаралар олиб бориб, газ ҳажмини ички бозоримизга йўналтиришга ҳаракат қилдик. Экспорт ҳажми ва нархлари бу конфиденциал маълумот ҳисобланади… Лекин Ўзбекистонга бу йилда „Лукойл“ компаниясидан келишилган нархда 5 млрд куб метр газ сотиб олинган. Албатта, бу экспорт баҳосида эмас, анча паст нархда сотиб олинган. „Лукойл“ компанияси билан келишувимиз бор, агар яна қўшимча талаб бўлса, келишилган нархларда ички бозорга йўналтиришимиз мумкин», — деди Беҳзот Норматов.

Вазир ўринбосари маълум қилишича, Россия компаниясидан ички бозорга йўналтирилган газ ҳажми Андижон вилоятидаги «Хўжаобод» ҳамда Бухородаги «Газли» (3 млрд куб метрдан 2,8 млрд куб метр қисми тўлган) ерости сақлаш мажмуаларига режадан аввал, керакли миқдорда тўлдирилиб, қиш мавсумида ишлатишга тайёрлаб қўйилган.

2019 йилнинг март ойида «Лукойл» Ўзбекистон билан Қандим лойиҳасидан йилига 5 млрд куб метргача газни ички бозор учун экспорт нетбэкига 12,5 фоизлик чегирма билан етказиб беришга келишгани маълум қилинганди.

21 октябрда эса президент йил якунига қадар табиий газ қазиб олишни кўпайтириш, ички бозорга қўшимча газ етказиб бериш бўйича топшириқлар берганди.

Август ойида «Лукойл» талаб камлиги учун Ўзбекистондаги лойиҳаларидан Хитойга газ экспортини тўхтатгани маълум қилинганди. Натижада компания газни ички бозорга йўналтириш бўйича Ўзбекистон билан келишиб олган.

Шунга қарамасдан, 1 ноябрдан Ўзбекистонда хўжалик субъектларига, шу билан бирга, ресторан ва кафеларга табиий газни ишлатишга чекловлар ўрнатилди. Энергетика вазирлиги буни зарурий чора деб баҳолаб, «қисқа муддатларда куз-қиш мавсумида муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишни амалга ошириш кўзда тутилган», дея таъкидлаганди.