Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 21 октябрь куни ўтказилган 20 ялпи мажлисда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағлари бошқарувчиларига 2021 йилда 11,69 трлн сўмга (1,1 млрд доллар атрофида) ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларини оширишни маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Тасдиқланган ўзгартишларга кўра, Энергетика вазирлигининг жорий харажатлари 43,8 млрд сўмдан 1,14 трлн сўмга, яъни 1,09 трлн сўмга ($102 млн) кўпаймоқда. Шундан 1 трлн сўм ($93,6 млн) «республика истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини қондириш мақсадида табиий газ сотиб олиш ва сотишнинг ўртача баҳосидаги фарқни қоплаш учун субсидия» сифатида сарфлаш режалаштирилган.

«Газета.uz» Энергетика вазирлигига сўров юборди.

Ички бозорга газ

2020 йил ноябрда энергетика вазири собиқ ўринбосари Беҳзот Норматов (ҳозирда «Ўзтрансгаз» раҳбари) Ўзбекистон «Лукойл»дан экспорт баҳосидан паст нархда 5 млрд куб метр газ харид қилганини маълум қилди. «Албатта, бу экспорт баҳосида эмас, анча паст нархда сотиб олинган. «Лукойл» компанияси билан келишувимиз бор, агар яна қўшимча талаб бўлса, келишилган нархларда ички бозорга йўналтиришимиз мумкин», — деди у.

2019 йилнинг март ойида «Лукойл» Ўзбекистон билан Қандим лойиҳасидан йилига 5 млрд куб метргача газни ички бозор учун экспорт нетбэкига 12,5 фоизлик чегирма билан етказиб беришга келишгани маълум қилинганди.

2021 йилнинг августида президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг ўзида Ўзбекистон 917 млн кубометр газ импорт қилганини таъкидлаганди.

«Бу жуда катта рақам. Иккинчидан, бу импорт қилганимизни пул тўлаб олиб келяпмиз, валютага олиб келяпмиз. Бу нима бўлади келажакда? Уч йилда мана шу 1,4 млрд доллар берган пулимиз (катта эҳтимол билан, хорижий кредитлар ҳақида гап кетмоқда — таҳр.) ўз натижасини бермаяпти. Свет бўйича, айниқса газ бўйича одамлар биздан жуда норози», — деди давлат раҳбари.

Президент 25 октябрдаги қарори билан табиий газ ва суюлтирилган газ аҳолига тартибга солинадиган тарифлар (нархлар) бўйича сотилади. Уларни аҳолига сотиб олиш нархидан (таннархидан) паст нархда сотишда солиқлар қонун ҳужжатларига мувофиқ, ваколатли органлар томонидан белгиланган нархдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади.

Қиш фасли арафасида Ўзбекистон раҳбарияти табиий газни экспортга реализация қилишда акциз солиғи ставкасининг ноль фоиз миқдорида белгиланишга оид фармонни қабул қилди. Шунингдек, табиий газ импорт қилувчи компаниялар божхона божидан озод қилинди, 2022 йилдан геология-қидирув ва изланиш ишларининг қатор солиқ ва тўловлардан ҳам озод қилиш режалаштирилган.