Олий таълим муассасаларининг умумий рейтинги эълон қилинди. Бу ҳақда 4 ноябрь куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси маълум қилди.

Қайд этилишича, биринчи бешталикни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд давлат университети ва Тошкент молия институти эгаллади.

Сўнгги ўринлардан эса Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти, Навоий давлат педагогика институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Нукус давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти ўрин олган.


Шунингдек, илмий тадқиқотлар орқали энг кўп маблағ ишлаб топган ОТМлар рейтинги ҳам эълон қилинди. Унга кўра, энг кўп маблағ ишлаб топган ОТМлар:

  • Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти,
  • Навоий давлат кончилик институти,
  • Тошкент давлат аграр университети.

Илмий тадқиқотлар орқали маблағ ишлаб топмаган ОТМлар:

  • Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти,
  • Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти,
  • Қорақалпоғистон тиббиёт институти.

Маълум қилинишича, нуфузли халқаро журналлардаги илмий мақолалар сони ўтган йилга нисбатан 2 баробарга ошиб, 15170 тага етди. Хорижий талабалар сони 1,5 баробарга ўсди ва 4760 нафарга етди, — деди Таълим инспекцияси бошлиғи. ОТМлардаги илмий салоҳият сўнгги уч йилда ўртача 4,2 фоизга ошган.

Ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистонга хорижий профессор-ўқитувчилар ва талабалар келиб фаолият олиб бораётган давлатлар сони икки баробарга ошиб, бугунги кунда 62 тани ташкил этмоқда. Энг кўп хорижлик профессор-ўқитувчилар Туркия, Белоруссия, Жанубий Корея, Россия давлатларидан ташриф буюришган. Энг кўп талабалар Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Покистон, Афғонистондан келишган, дейилади инспекция баёнотида.

Бундан ташқари, ОТМларининг илмий салоҳияти рейтинги ҳам эълон қилинди. Унга кўра, юқори ўринларни қуйидаги ОТМлар эгаллаган:

  • Тошкент молия институти
  • Ўзбекистон миллий университети
  • Тошкент педиатрия тиббиёт институти
  • Ўзбекистон халқаро ислом академияси
  • Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети
  • Самарқанд давлат университети.

Хабарда айтилишича, фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки профессор унвонига эга профессор ўқитувчилар сони 2477 нафарга (ўтган йилда 2147 нафар), фан номзоди (PhD) илмий даражасига ёки доцент унвонига эга профессор ўқитувчилар сони 8706 нафарга (ўтган йилда 7963 нафар) етди.

Шунингдек, 26 476 нафар респондент иштирок этган сўровнома натижаларига кўра, иш берувчилар 49,3 фоизи битирувчиларнинг билим даражаси ва амалий кўникмасига, 41 фоизи иш берувчи битирувчиларнинг келгусида ўсиш имкониятларига, 63,4 фоизи иш берувчи ОТМнинг кадрлар тайёрлаш сифатига, 57,7 фоизи иш берувчи ОТМнинг иш берувчилар билан ҳамкорлик даражасига «ижобий» баҳо бермаган. Шунингдек, 4,5% иш берувчилар тегишли соҳа ОТМлари битирувчиларини ишга қабул қилмасликларини билдиришган, дея қайд этди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси.

Илк маротаба тузилган ОТМлар филиаллари рейтинг натижаларига кўра, юқори ўринни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжаолигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали эгаллаган. Энг охирги ўринда эса Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали қайд этилди.

Инспекция хабарига кўра, мазкур рейтингларни тузишдан мақсад филиалларнинг таълим сифатига бўлган ҳисобдорлигини ошириш ва уларни таълим сифатини ошириш бўйича меҳнатларини рағбатлантириш ҳисобланади.