Тошкентда ёзувчи Назир Сафаровга уй деворидан барельефи ўғирлаб кетганликда гумон қилинган икки эркак қўлга олинди, деб хабар берди 3 ноябрь куни шаҳар ИИББ матбуот хизмати. Барельефнинг нархи 19 млн сўмга баҳоланган.

Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ хабарига кўра, ўғирлик 30 сентябрь куни соат 16:00 атрофида 25 ёшли Диёр С. ва 23 ёшли Бобуржон Н. томонидан содир этилган. Улар воқеа жойидан қочиб кетишган, лекин ушбу шахслар тезда аниқланиб, ҳибсга олинди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми («Ўғирлик») билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Назир Сафарович Сафаров (1905−1985) — ёзувчи, носир, драматург, журналист, кўплаб давлат мукофотлари совриндори. 1941−1945 йиллардаги урушда қатнашган.