ДХХ ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида фирибгарлик билан боғлиқ ноқонуний ҳолатга чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Хориждан автомашиналар олиб келиб, сотиш билан шуғулланувчи, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1981 й.т. шахс Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган фермер хўжалик раҳбари билан келишган ҳолда, ўзганинг ишончига киради. Ушбу шахслар фермер хўжалигининг 16,5 гектар суғориладиган ерини ўзганинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 600 минг доллар талаб қилишади. Шунингдек, улар бу ишга 1987 й.т. шахсни ҳам жалб қилишади.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида улар сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1963 ва 1975 й.т. икки нафар фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахснинг ишончига киради. Унга «коврак» ўсимлиги етиштириши учун Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ўрмон хўжалиги ҳудудидан 1000 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам беришларини айтиб, эвазига 300 минг доллар талаб қилишади.

Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбири давомида мазкур шахслар сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида улар ушбу ноқонуний ишни ўзини гўёки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси инспектори деб таништирган, 1988 й.т. ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб, аслида хонандалик билан шуғулланувчи, муқаддам судланган шахс билан 80 минг доллар эвазига ҳал қилишга ўзаро келишиб олганликлари маълум бўлди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, Тошкент шаҳрида дастлабки 24 минг долларни олган вақтида у ҳам ушланди.