Аввалроқ, Давлат экология қўмитаси «Навоийазот» корхонаси қудуғидан саноат чиқиндиларининг Зарафшон дарёсига ташланиши оқибатида балиқларнинг оммавий заҳарланишига олиб келгани ҳақида хабар берганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 196-моддаси (Атроф табиий муҳитни ифлослантириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Таъкидланишича, саноат корхоналаридан Зарафшон дарёсига оқизилган чиқинди сувлар таркиби ва нобуд бўлган балиқларда махсус лаборатория ва экспертиза таҳлиллари ўтказилиб, тегишли хулосалар олинган ва бошқа ҳолатлар атрофлича ўрганилган.

Текширув натижалари, Зарафшон дарёсига азот аммоний, нитрит ва бошқа кимёвий моддалар меъёридан ортиқча миқдорда оқизилганлиги оқибатида дарёдаги кўплаб балиқлар нобуд бўлганлигини кўрсатган.

Бунга қадар «Навоийазот» захарли моддаларнинг Зарафшон дарёсига оқизилгани бўйича айбловни рад этганди. Компания муносабатида айтилишича, «сўнгги даврда оқава сувларнинг сифати ўзгаришларсиз» бўлган. «Ташланма сувлардан лаборатория тахлиллари олиниб кейинчалик Зарафшон дарёсига юборилади», — дейилади хабарда.

Октябрнинг биринчи ярмида Давлат экология қўмитаси берган хабарида, мазкур корхонага тегишли қудуқдан дарёга чиқарилган моддалар белгиланган меъёрлардан бир неча баробарга юқорилиги, жумладан, азот аммоний (21 баробар), азот нитрат (2,6 баробар), азот нитрит (60 баробар), хлоридлар (1,3 баробар) ва мис ионлари (2,1 баробар) борлиги айтилган эди.