«Навоийазот» АЖга қарашли 267-қудуқдан (1-ташлама) дарёга ҳаёт учун хавфли моддалар чиқарилган, дея хабар берди Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Зарафшон дарёсининг Кармана туманидан оқиб ўтувчи қисмининг 5 та нуқтасидан таҳлил намуналари олиб, тегишлича ўрганилган. Натижада дарёга чиқарилган моддалар белгиланган меъёрлардан бир неча баробарга юқорилиги аниқланган. Хусусан:

  • азот аммоний 21 баробар;
  • азот нитрат 2,6 баробар;
  • азот нитрит 60 баробар;
  • хлоридлар 1,3 баробар;
  • мис ионлари 2,1 баробар.

Маълум бўлишича, санаб ўтилган моддаларнинг белгиланган меъёрдан оширилиши туфайли дарёда ёппасига заҳарланиш юзага келганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича дастлабки суриштирув ишлари давом этмоқда. Ишнинг якуни бўйича қўшимча маълумот берилиши ва бу маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилиши айтилган.