Аввалроқ, Давлат экология қўмитаси «Навоийазот» корхонаси қудуғидан саноат чиқиндиларининг Зарафшон дарёсига ташланганини аниқлагани ҳақида ёзган эдик. Натижада, хавфли моддаларнинг рухсат этилган концентрацияси бир неча бор ошиб кетиши балиқларнинг оммавий заҳарланишига олиб келган.

«Навоийазот» АЖ матбуот хизмати корхонага қарашли 267-қудуқдан (1-ташлама) дарёга ҳаёт учун хавфли моддалар чиқарилганига оид хабарга муносабат билдирди.

Таъкидланишича, жамият қарийб 60 йилдирки, ишлаб чиқариш жараёнлари билан бирга экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалалари билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётган корхона ҳисобланади.

«Корхонага қарашли 267-қудуқ таркибида ишлаб чикариш майдонларидан ёмғир оқава сувларидан иборат, асосан совутувчи сув айланиш тизими ва иситиш қозонларида технологик режимга асосан ва экологик талабларга жавоб берадиган ташланма сувлардан лаборатория таҳлиллари олиниб кейинчалик Зарафшон дарёсига юборилади», — дейилади хабарда.

Маълум қилишинича, «Навоийазот»да уч йирик инвестиция лойиҳалари ишга туширилганлиги эвазига экологик жиҳатдан хавфи юқори бўлган аммиак, азот кислотаси 1−2 навбат ишлаб чиқариши, органик синтез ишлаб чиқаришининг бир неча цехлари (ацетилен, нитрил акрил кислотаси) иш фаолияти тўхтатилган ва ифлослантирувчи моддаларни атмосфера, сув ҳавзаларига тушиши камайишига эришилган.

Таъкидланишича, «сўнгги даврда оқава сувларнинг сифатининг динамикаси ўзгаришларсиз» бўлган. «Навоийазот жойлашган ҳудудда унинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш мақсадида табиатни муҳофаза қилиш, хомашё ва энергия ресурсларини тежаш, атроф-муҳитга зарарли моддаларнинг чиқишини камайтиришга кўмаклашувчи ташкилий-техникавий чора-тадбирлар доимий равишда ишлаб чиқилмоқда ва бажарилмоқда», — дейилади муносабатда.

Зарафшон дарёси нафақат «Навоийазот» АЖ томонидан, балки вилоятнинг турли саноат ва бошқа ишлаб чиқариш комплексларидан, шу жумладан балиқчилик хўжаликларидан ҳосил бўлган барча оқава сувларини қабул қилувчи хавза ҳисобланиши қўшимча қилинган.

Қолаверса, ҳозирги пайтда «Навоийазот» мутахассислари вилоят экологик назорати мутахассислари билан биргаликда барча окава сувларнинг назорат тахлилларини олиб бормоқда ҳамда жамият раҳбарияти томонидан жойида тегишли чоралар кўрилаяпти.

Давлат экология қўмитаси хабарида, мазкур корхонага тегишли қудуқдан дарёга чиқарилган моддалар белгиланган меъёрлардан бир неча баробарга юқорилиги, жумладан, азот аммоний (21 баробар), азот нитрат (2,6 баробар), азот нитрит (60 баробар), хлоридлар (1,3 баробар) ва мис ионлари (2,1 баробар) борлиги айтилган эди.