22 октябрь куни соат 08:10 ларда Тошкентнинг Олмазор туманида икки автомобиль юзма-юз тўқнашиши оқибатида бир йўловчи ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Қамарнисо кўчасида Аъло В. (2002 й. т.) «Nexia-3» автомашинасида (давлат рақами 01 S 375 JB) қарама-қарши йўлакка чиқиб кетган ва натижада Забиҳулла Ҳ. (1958 й. т.) бошқарувидаги Spark автомашинаси (давлат рақами 10 M 858 GA) билан тўқнашиб кетган.

Тўқнашув натижасида Spark йўловчиси, Манзура Ҳ. (1968 й. т.) олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми («Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, шахснинг ўлимига сабаб бўлган») билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.