Қашқадарёда 9 йил муқаддам содир этилган қотиллик жинояти фош этилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Аниқланишича, 2012 йилнинг 24 январь куни Қашқадарё вилояти, Косон тумани, «Қорабўйин» маҳалласида яшаган Т.Ғ. ўзига тегишли Nexia-2 русумли автомашинасида уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган.

Т.Ғ. бошқарувидаги автомашина Самарқанд шаҳар, «Маданият» маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг орқа томонидан топилган ва ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.


Бедарак йўқолган Ғ.Т.нинг автомашинасини кўздан кечириш давомида, автомашинанинг турли жойларидан жами 14 дона бармоқ, кафт излари олинган.


Терговда аниқланишича, М.О., Т.А. ва Д.С. томонидан бедарак йўқолган Ғ.Т. қасддан ўлдирилиб, унинг жасадини Чироқчи тумани, «Шўрбозор» маҳалласи ҳудудида жойлашган захирадаги дала майдонига кўмиб, автомашинасини эса Самарқанд шаҳар, «Маданият» маҳалласи, «Нарпай» кўчасидаги кўп қаватли уйнинг орқа томонига ташлаб кетишганлиги аниқланган.

М.О., Т.А. ва Д.С.нинг содир этган жиноятлари уларнинг иқрорлик кўрсатувлари, жиноят содир этилган жойда аниқланган бармоқ излари, кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва юзлаштириш тергов ҳаракатлари ҳамда бошқа далиллар мажмуи билан тўлиқ ўз исботини топган, дейилади хабарда.

Ушбу жиноят иши юзасидан 3 нафар шахсларга ЖКнинг 97-моддаси билан айб эълон қилиниб, барчасига «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.