Президент Шавкат Мирзиёев «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида жойлашган автомобилларни йирик узелли йиғиш ташкил этилган «ADM Jizzakh» автозаводидаги иш жараёнини кўздан кечирди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Лойиҳанинг биринчи босқичи шу йил март ойида ишга туширилган эди. Ушбу илк лойиҳанинг қиймати 12 миллион доллардан зиёд. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг дона. Завод мультибрендли бўлиб, бу ерда «KIА», «Renault» вa «Lada» русумидаги 10 хил енгил автомобиль йиғилмоқда. Бугунги кунгача ички бозорга 2 мингдан зиёд автомобиллар етказиб берилган.

Давлат раҳбарига лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳақида маълумот берилди. 216 млн долларлик мазкур лойиҳа доирасида кичик узелли ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Яъни, 314 турдаги бутловчи қисмларни ясаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган (дастлаб 2022 йил охирига мўлжалланган эди).

Бунинг натижасида завод қуввати йилига 100 минг донага чиқади. Яна 3 мингта янги иш ўрни пайдо бўлади. Ушбу босқичда маҳаллийлаштириш 30 фоизга етказилиб, йилига 150 миллион долларлик автомобиллар экспорт қилинади. Завод тайёр автомобиль ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, конструкторлик, логистика, кадр тайёрлаш соҳаларини қамраб олади.

Қайд этилишича, Жиззах шаҳри, Пахтакор ва Шароф Рашидов туманларида мазкур автозавод учун бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича 500 млн долларлик 60 та лойиҳа шакллантирилган. Шунингдек, Америка ва Европа нуфузли инжиниринг компаниялари билан бирга, вилоятда тажриба-конструкторлик ва дизайнерлик маркази ташкил этилади.

Президент маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, автомобиллар нархини арзонлаштириш, харидорларга танлов имкониятини кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

«Газета.uz» заводга эгалик қилаётган Roodell бош директори Дониёр Давлатёров билан интервью ташкил этган эди.