Президентликка ЎзЛиДеП партияси номзоди ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёев тошкентлик сайловчилар билан учрашувда пойтахтдаги тирбандликларни ҳал қилиш бўйича ўзининг таклифларини маълум қилди.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳар аҳолиси ва уларнинг даромадлари ошгани ҳисобига сўнгги йилларда шахсий автотранспортлар 2−3 баробар кўпайиб, кунига шаҳар кўчаларида 700−800 мингдан зиёд транспорт ҳаракатланмоқда.

Бу тирбандликларни келтириб чиқариш билан бирга, экология, пиёда ва йўловчилар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Лекин, пойтахтнинг жамоат транспорти ва йўл инфратузилмаси бу муаммоларга ҳали муносиб жавоб қайтара олмаяпти. «Шаҳарда ерости ва ерусти пиёда ўтиш йўлаклари, автотураргоҳлар етишмайди», — деди номзод.

«Пойтахтда 500 дан зиёд катта чорраҳалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини ўтказиш даражаси паст. Жамоат транспортидан бор-йўғи 33 фоиз йўловчи фойдаланмоқда. Масалан, бугунги кунда 80 та йўналишдаги автобусларнинг интервали тиғиз пайтларда 30 минутгача кечиккани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, келгуси беш йилда шаҳарда ўзаро узвий боғланган барча транспорт турларини ривожлантириш дастури қабул қилинади.

«Бунда ерусти транспорти ва метро йўналишлари кесишувида 16 та йирик автостанциялар, Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманларидаги шаҳарга олиб кирувчи 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар, марказий кўчаларда 40 минг автомобиллар учун 80 та кўп қаватли автотураргоҳлар, тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 21 та йўл ўтказгичлар қурилади, ерусти ҳалқа метрополитени йўлининг 7 та бекатдан иборат 13 км узунликдаги „Қўйлиқ-Қипчоқ“ участкаси қурилиши якунига етказилади», — деди ЎзЛиДеП номзоди.

Таъкидланишича, «йўл ҳаракатини „ақлли тартибга солиш“ тизими жорий этилиб, бунга шаҳарнинг 500 та йирик чорраҳаси уланади».

200 га яқин мунтазам автобус йўналишлари ташкил этилади, жамоат транспорти паркини янгилаш учун 400 та замонавий автобус, 700 та электробус олиб келинади. 90 та янги замонавий метро поездлари олиб келиниб, йўловчилар ташиш қуввати 2 баробарга оширилади.

Автобуслар қатновини субсидиялаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади. Энди ташувчиларга субсидиялар йўловчи сонига эмас, балки йўналиш ва қатновлар сонига қараб берилади.

«Шунингдек, кундан-кунга ҳаётимизга кириб келаётган янги технологияларни инобатга олиб, электромобиллардан фойдаланиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш мақсадида 50 та қувватлаш станцияси ва бошқа инфратузилмалар яратилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, 1,8 минг километр автомобиль йўли ва ички кўчаларни таъмирлашга 3 триллион 200 миллиард сўм маблағлар йўналтирилади.