Паркент тумани тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари 1 млрд 511 млн 123 минг сўм пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишгани маълум қилинди.

Бу Паркент туман прокуратураси томонидан бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни сарфланиши юзасидан ўтказилган текширувда аниқланди.

Шунингдек, текшириш якунлари бўйича тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари 2019−2020 молия йилида бюджет ва смета-штат интизомини 1 млрд 193 млн 205 минг сўм миқдорда бузгани ҳам айтилмоқда.

«Мазкур ҳолатлар 36 нафар туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари ва ишга алоқадор гувоҳларнинг кўрсатмаларида баён этилган. Бундан ташқари, соҳталаштириб, нотўғри маълумотлар киритилган табеллар, штат-смета ҳужжатлари ва бошқа далиллар иш ҳужжатларига қўшилган», — дейилади Тошкент вилояти прокуратураси хабарида.

Паркент туман прокуратураси томонидан тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184−1-моддаси 2-қисми (Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) ва 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айбланувчиларга нисбатан процессуал тартибда «қамоқ», «уй қамоғи» ва «гаров» эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари якуни бўйича жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун ЖИБ Паркент туман судига юборилган.