Ўзбекистон деривативлар бозорини ривожлантириш орқали хорижий валютага боғлиқликни камайтиришни режалаштирмоқда. Бу масала 12 октябрь куни Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков ва Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ) ғазначилиги бошқарув директори Аксел ван Недервен ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинган.

Томонлар, шунингдек молия бозори самарадорлигини ошириш ва янги капитал бозор инструментларини жорий этиш, қарз маблағларини миллий валютада жалб қилиш ҳамда хорижий валютадаги қарзларни миллий валютага ўгириш орқали хорижий валютадаги тўловлар юкини камайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда илк синов своп операциясини амалга ошириш мақсадида Халқаро своп ва деривативлар ассоциасияси томонидан ишлаб чиқилган ISDA бош келишувини имзолашди.

Деривативлар нима?

Спот биржа бозоридан фарқли ўлароқ, деривативларнинг ўзига хос томони «фиктив капитал» деб номланувчи операциялардир, яъни ишлаб чиқариш соҳасига инвестиция киритишда ёки банк соҳасининг қарз беришида тўғридан-тўғри иштирок этмайдиган фаолият тури.

Дериватив — базавий активдан келиб чиқадиган молиявий восита ҳисобланади.

Содда тил билан айтганда, бу базавий активга нисбатан масъулиятларни ўзаро бажаришга мажбурлайдиган томонлар ўртасидаги келишувдир. Бундай актив сифатида, товар ёки қимматбаҳо металл, валюта ёки облигациялар, акциялар, фонд индекслари — умуман олганда қимматга эга ҳар қандай актив ишлатилиши мумкин.

Деривативларнинг кўплаб турлари мавжуд, лекин уларнинг аксарияти рискларни бошқариш воситалари ва спекулятив инструментлар билан боғлиқ. Энг кенг тарқалган тўртта тури:

  • Фючерслар;
  • Форвард шартномалари;
  • Опционлар;
  • Своплар.

Иқтисодиётда своп — бу савдо операцияси бўлиб, унда иккита конверсион битим тузилади. Масалан, бу активларни (қимматли қоғозларни, валютани) сотиб олиш ва маълум вақтдан кейин уларни худди шу ёки ўзгартирилган шартларда сотиш бўлиши мумкин. Ёки, аксинча, аввал сотиш, кейин қайта сотиб олиш. Содда тилда айтганда, своп — бу активларни келишилган муддатга алмаштиришнинг ўзига хос тури.

Дастлаб, своплар фақат банклараро тузилган, бунда валюта савдосининг ҳар иккала иштирокчиси ҳам алмашишнинг адолатли бўлишини талаб қилган. Сотиб олиш-сотиш усулидаги оддий конвертация кўпинча ноқулайлик туғдирган — ҳамма ҳам айни вақтда ва жойда валютага муҳтож эмасди, бундан ташқари, кўпинча бундай операциялар учун нақд пул етарли бўлмаган. Шундай қилиб валюта своп — икки босқичда амалга ошириладиган евро, доллар, рубль ва бошқаларни алмаштириш амалиёти пайдо бўлди.

Свопларнинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

  • битимлар муддати бир неча йилгача;
  • уларнинг барчаси сотиб олувчи ва сотувчи томонлар учун мавжуд рисклар билан боғлиқ;
  • своплар қайта молиялаштириш ёки маълум муддат давомида кераксиз бўлган активдан қутулиш имконини беради;
  • битим бир вақтнинг ўзида кўплаб контрагентлар билан тузилиши мумкин.

Халқаро своп стандартлари Британия банкирлари уюшмаси (BBA) ва ISDA томонидан чиқарилади.