Вазирлар Маҳкамасининг 12 октябрдаги қарори [637-сон] билан «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, кредитлар ёшларнинг алоҳида тоифаларига гаровсиз асосда берилади.

Бунда «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари кафиллиги ҳам талаб этилади. Кафиллик берилганлиги учун тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.

Кредитга даъвогарлар:

  • 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган;
  • янги (иккала томон учун биринчи маротаба) турмуш қурган;
  • илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредити олмаган бўлиши керак.

Шунга кўра, ёшларнинг алоҳида тоифаларига кредитлар:

  • бозор ставкасида мижоз хоҳишига кўра 6 ой имтиёзли давр билан;
  • 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга;
  • бошланғич бадали якка тартибдаги хонадонда қўшимча қурилаётган уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
  • бир қарз олувчига 33 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда берилади.

Тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилингандан сўнг банк 3 иш кунида ариза берувчига кредит бериш масаласини кўриб чиқади. Ариза қаноатлантирилса улар билан кредит шартномаси имзоланади.