Қирғизистон президенти ҳукуматни истеъфога чиқарди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Улукбек Мариповни ва бутун ҳукуматни истеъфога чиқарди. Бу ҳақда Қирғизистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди. «Президент «Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг истеъфоси тўғрисида"ги фармонга имзо чекди. Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиқарилди», — дейилади хабарда. Ушбу қарор тафсилотлари келтирилмаган.

Бошқа фармон билан Жапаров Вазирлар Маҳкамаси раиси Улукбек Мариповни лавозимидан озод қилди. Вазирлар Маҳкамаси аъзолари лавозимларини эгаллаган шахслар «ижроия органининг янги таркиби тузилгунга қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этадилар». Вазирлар Маҳкамасининг раиси в.б., шунингдек, президент маъмуриятининг бошлиғи этиб июнь ойидан буён Иқтисодиёт вазирлигини бошқараётган Aкилбек Жапаров тайинланди. Маъмурият раҳбари сифатида у сешанба куни Қирғизистон давлат котиби бўлган Суюнбек Касмамбетов ўрнини эгаллади.

5 май куни Қирғизистон президенти референдумда қабул қилинган республика конституцияси лойиҳасини имзолаганди. Янги конституция президент ваколатларини кенгайтирган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг тузилиши ва фаолияти учун жавобгарликни президент зиммасига юклатилди.


Украина ва Европа Иттифоқи умумий ҳаво макони тўғрисидаги битимни имзоладилар

Украина ва Европа Иттифоқи ўртасида умумий ҳаво макони, Украинанинг «Horizon Europe» тадқиқот ва инновацион дастурига қўшилиши, шунингдек, 2021−2027 йилларда Украинанинг «Ижодий Европа» дастурида иштирок этиш тўғрисида битимлар имзоланди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

«Шартнома имзоланди, бу яхши. Европа Иттифоқи ва Украина уни дарҳол қўллай бошлайди. Бу шуни англатадики, Европа ва Украина авиакомпаниялари Европа Иттифоқи ва Украинанинг исталган аэропортлари ўртасида ҳеч қандай чекловларсиз парвозларни амалга ошира олади», — деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

Таъкидланишича, Европа Иттифоқи ва учинчи давлатлар ўртасида умумий ҳаво макони тўғрисидаги икки томонлама шартномалар хавфсизлик стандартларини ўрнатади ва авиация соҳасидаги бозор муносабатларини эркинлаштиради. «„Визасиз авиация“ туфайли Украина ҳаво транспорти соҳасида Европа Иттифоқига аъзо давлатлардагидек имкониятлар, қоидалар ва стандартларга эга бўлади. Украиналиклар учун шартнома саёҳат қилиш учун кўпроқ имконият ва йўналишларни очади», дея ҳужжатга изоҳ берди Украина бош вазири Денис Шмигаль.

Бошқа битимлар:

  • Европа Иттифоқининг тадқиқот ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш дастури Horizon Europe ҳамжамият мамлакатлари ва шерик давлатлар ўртасида олимлар, ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кучайтириш, шунингдек, трансчегаравий тадқиқот фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган. Унинг 2021−2027 йиллар учун бюджети тахминан 100 млрд еврони ташкил қилади.
  • «Ижодий Европа» — бу Европа Иттифоқи дастури бўлиб, у учта кичик дастурдан иборат: «Маданият», кино ва аудиовизуал секторни қўллаб-қувватлайдиган «Медиа», тармоқлараро ўзаро алоқани қўллаб-қувватлайдиган ва ахборот воситаларини ўз ичига олувчи «Идоралараро ҳамкорлик».

Хитойда сув тошқинлари оқибатида 30 га яқин киши ҳалок бўлди

Хитойнинг Шаньси провинциясида содир бўлган тошқинлар оқибатида 15 киши ҳалок бўлди, яна уч киши бедарак йўқолган. Кузги сув тошқини натижасида 1,8 млнга яқин одам жабр кўрган, 120 мингдан ортиқ одам хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Маълум қилинишича, 37 мингдан зиёд уй ва бинолар қисман ёки бутунлай вайрон бўлган, деҳқончилик ерлари сув остида қолди. Ҳисоб-китобларга кўра, табиий офатдан тўғридан-тўғри иқтисодий зарар 5 млрд юандан (770 млн доллар) ошди.

Бундан ташқари, Хэбэй провинциясида 51 йўловчини олиб кетаётган автобус сув босган кўприкка кириб, дарёга қулаб тушди. Бунинг натижасида, 13 киши ҳалок бўлди, бир киши бедарак йўқолган ҳисобланмоқда. — Интерфакс (Хитой ОАВ).

Шунингдек:

  • Хитой ҳукумати икки ой ичида молиявий бўлимлар, йирик давлат банклари ва суғурта компанияларида коррупцияга қарши текширув ўтказади. Текширув ХХР Коммунистик партияси интизом назорати бўйича марказий комиссияси томонидан амалга оширилади. 15 декабрга қадар идора истеъмолчиларнинг шикоятларни қабул қилади. Режага кўра, 25 та ташкилот, шу жумладан Хитой банк ва суғуртани тартибга солувчи қўмита (CBIRC) текширилади. — Bloomberg.

Эрон ва Саудия Aрабистони консулликларни қайта очиш тўғрисида келишиб олдилар

Бу ҳақда AFP ўз манбасига таяниб хабар берди, деб ёзмоқда ТАСС. «Улар консулликларнинг ишини қайта бошлаш тўғрисида келишиб олдилар. Ўйлайманки, яқин ҳафталарда [муносабатларни] нормаллаштириш бўйича келишувга эришиш мумкин бўлади», дейди AFP манбаси.

Aввалроқ, Эрон ТИВ матбуот котиби Саид Хотибзоданинг айтишича, ҳозирга қадар Теҳрон ва Aр-Риёд ўртасида бешта музокаралар бўлиб ўтган: тўрттаси Бағдодда, бири Нью-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеяси доирасида. Унинг сўзларига кўра, мулоқот икки томонлама ва минтақавий масалаларга, жумладан Форс кўрфази ва Ямандаги вазиятга қаратилган бўлган. 21 июнь куни Эроннинг янги президенти Иброҳим Раиси сайловдан кейинги биринчи матбуот анжуманида Теҳрон ва Aр-Риёд ўртасидаги мулоқот ва элчихоналарни қайтариш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтганди.

Aр-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар 2015 йил март ойида Саудия Aрабистони бошчилигидаги Ямандаги «Aнсор Aллоҳ» (ҳутийлар) ҳаракатига қарши ҳарбий операция бошланиши билан кескинлашганди. Эрон қиролликнинг бу ҳаракатларини минтақадаги вазиятнинг беқарорлашувга қаратилган деб ҳисоблаган. Ўз навбатида, Саудия томони Теҳронни ҳутийларни қуроллар билан қўллаб-қувватлашда айблади.


ЖССТ иммунитети заиф одамларга COVID-19'га қарши вакцинанинг учинчи дозаси билан эмланишни тавсия қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертлари иммунитети заиф одамларга ташкилот томонидан тасдиқланган коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи дозаси билан эмланишни тавсия қилдилар.

ЖССТнинг стратегик маслаҳатлашув экспертлар гуруҳи иммунитет танқислиги бўлган одамларга вакцинанинг қўшимча (бустер) дозасини таклиф қилиш кераклигини айтди. Уларнинг фикрича, иккита дозали эмлаш етарли бўлмаслиги ва улар COVID-19'нинг оғир шаклига дуч келишлари мумкин. Экспертлар гуруҳи, шунингдек, аввалроқ Хитойнинг Sinovac ёки Sinopharm вакциналари билан эмланган, 60 ёшдан ошган одамларга учинчи дозани олишни маслаҳат берди. Шунга қарамай, мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирда улар аҳолининг барча қатламлари учун «бустер» дозани тавсия қила олмайди. — Интерфакс.

ЖССТ томонидан тасдиқланган препаратларга Pfizer-BioNTech, Janssen, Moderna, Sinovac, Sinopharm ва AstraZeneca киради.


Шунингдек:

  • ЖССТ постковид синдромига расмий клиник таъриф берилганини маълум қилди. Коронавирус билан касалланганларнинг тахминан 10−20 фоизи ушбу синдромга чалинган.
  • Норвегия бош вазири, Консерватив партия раҳбари Эрна Сульберг парламент сайловларида мағлуб бўлганидан сўнг қирол Харальд V га ўз ҳукуматининг истеъфоси ҳақида хабар берди. У ўз қарорини парламент аъзоларига ҳам етказди. Сульберг, шунингдек, қиролга ғолиб бўлган Ишчи партияси раиси Йонас Гар Стёрдан янги ҳукумат тузишни сўрашни маслаҳат берди. — Norway Today.