Буюк Британия нуфузли мукофотлар соҳибларига мамлакатга киришни осонлаштирди

Буюк Британия ҳукумати нуфузли мукофотга сазовор бўлган олимлар, рассомлар, актёрлар ва мусиқачиларга 5 майдан бошлаб иш визаларини олишни осонлаштирмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу ҳаракат иммиграция тизимидаги бутун дунёдан «энг зўр ва ёрқин» одамларни Буюк Британияга жалб қилишга қаратилган ўзгаришларнинг бир қисмидир. «Оскар», «Тони», «Гремми» совриндорлари, шунингдек «Нобель» ва «BRIT Awards» мукофотлари совриндорлари соддалаштирилган дастур бўйича Буюк Британияда яшаш ва ишлаш учун виза олиш имкониятига эга бўлганлар қаторига киради. Рақс, мода, архитектура ва ижтимоий фан соҳаларида баъзи мукофотларга сазовор бўлган шахслар ҳам ушбу ҳуқуқдан фойдаланишлари мумкин бўлади.

2020 йилда жорий қилинган, мамлакатда ишлаш ва ўқиш учун виза беришнинг балли тизими юқори малакали ишчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Виза олиш учун касбий маҳорат, инглиз тилини билиш ва молиявий ҳолат ҳисобга олинади. Таъкидлаш жоизки, 2021 йил 1 январдан бошлаб Европа Иттифоқи ишчилари Буюк Британияда тўлиқ ҳаракатланиш эркинлигидан маҳрум бўлишган. — ТАСС.

Шунингдек: Буюк Британия ҳукумати Рождествога қадар коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 50 ёшдан ошган фуқароларга кузда вакцинанинг учинчи дозасини қўллашни режалаштирмоқда. Ҳозирда эмлашнинг мумкин бўлган иккита варианти кўриб чиқилмоқда. Биринчи вариант коронавируснинг янги турларига қарши курашиш учун махсус ўзгартирилган вакциналардан фойдаланишдир. Муқобил вариант — мамлакатда тасдиқланган учта препаратдан (Pfizer, AstraZeneca, Moderna) бири билан эмлашдир.


Саудия Aрабистони Рамазон ойи тугаганидан кейин Дамашқда ўз элчихонасини очади

Саудия Aрабистонининг Дамашқда элчихонаси Рамазон ҳайитидан сўнг (13 май) ўз фаолиятини давом эттиради. Таъкидланишича, Қироллик ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд бошчилигидаги делегация Сурия пойтахтида Саудия Aрабистони дипломатик ваколатхонасининг очилиш маросимида иштирок этади. ТАССнинг ёзишича, 3 май куни мамлакат махфий хизмати бошлиғи Холид ал-Хмейданнинг Сирия президенти Башар Aсад ва Сурия Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари билан учрашувида деярли 10 йиллик танаффусдан сўнг Сурия-Саудия муносабатларини нормаллаштириш бўйича келишувга эришилган. — ТАСС.


Мьянманинг ўзини ўзи эълон қилган ҳукумати Халқ Мудофааси кучларини тузмоқда

Мьянма миллий бирлиги ҳукумати Халқ мудофаа кучлари ташкил этилишини эълон қилди. Уларга кўра, амалдаги ҳарбий ҳукумат умумий сайловлар пайтида сайланган ҳукумат раҳбарларига нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатмоқда, шу жумладан уларга қамоқ жазосини қўллашмоқда. Маълумотларга кўра, янги тузилма ўз тарафдорларини Мьянма армиясининг ҳаракатларидан ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Баёнотда хавфсизлик соҳасида кўп йиллар давомида талаб қилинадиган самарали ислоҳотлар зарурлиги ҳақида айтилмоқда. Таъкидланишича, ушбу қарор «Федерал иттифоқ армияси»ни яратиш йўлидаги биринчи қадамдир. Миллий бирлик ҳукумати 16 апрелда эълон қилинди. Унинг таркибига асосан мухолифатдаги Демократия учун Миллий Лиганинг қолган раҳбарлари киради.

Аввалроқ, Мьянма ҳарбий ҳукумати ўзларини миллий бирлик ҳукумати вазирлари деб эълон қилган 26 нафар мухолифат етакчиларини ҳибсга олишга ордерлар бергани ҳақида хабар қилган эдик.

Шунингдек: Мьянма ҳарбий ҳукумати мамлакат аҳолисига сунъий йўлдош антенналаридан фойдаланишни тақиқлади. Тақиқни бузганлар бир йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 500 минг кят (320 доллар) жарима билан жазоланади.


Қирғизистон президенти янги конституцияни тасдиқлади

5 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров референдумда қабул қилинган республика конституцияси лойиҳасини имзолади. Янги конституция президентнинг ваколатларини кенгайтиради, Халқ Қурултойи институтини маслаҳат ва кузатув йиғилиши сифатида тақдим этади. Вазирлар Маҳкамасининг тузилиши ва фаолияти учун жавобгарликни энди президент зиммасига олади ва уни президент маъмурияти раҳбари бошқаради. Ҳужжат, шунингдек, парламент аъзолари сонининг 120 кишидан 90 кишига камайишини назарда тутади.

Қирғизистонда конституциявий референдум 11 апрель куни бўлиб ўтди. МСК маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 79,3 фоизи мамлакатнинг янги асосий қонуни лойиҳасини ёқлади, 13,7 фоизи эса қарши овоз берди. Референдумда 36,9 фоиз сайловчи овоз берди. — Газета.uz


Россия гречка экспортини вақтинча тақиқлади

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун Россия ҳукумати барча турдаги гречка ва гречка маҳсулотларини экспорт қилишга вақтинча тақиқ киритди. Тақиқ 5 июндан 31 августгача амал қилади. Гречка инсонпарварлик ёрдамининг бир қисми бўлган тақдирдагина истисноларни амалга ошириш мумкин, дейилади ҳужжатда. Ўтган ҳафта Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гречка экспортини чеклаш ташаббуси билан чиққан эди. Вазирлик бундай чоралар ички бозор учун етарли миқдордаги гречка билан таъминлаш ва нархлар ўзгаришининг олдини олиш учун зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2021 йилда асосий донли экинлари майдонларини кенгайтиришни режалаштираётганини айтди. — Газета.uz


Европа Иттифоқининг миграция чоралари туфайли 2 мингдан ортиқ одам вафот этди — тадқиқот натижалари

Пандемия даврида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ноқонуний равишда камида 40 минг қочқиннинг Европага киришининг олдини олишган, бу эса 2 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳақда БМТ агентликлари ва нодавлат ташкилотлар маълумотлари асосида ўтказилган тадқиқотда маълум қилинди. 2020 йил январидан бошлаб, муҳожирлар сонининг камайишига қарамай, Италия, Мальта, Греция, Хорватия ва Испания ўзларининг миграция сиёсатини кучайтирдилар. Дания қочқинлар кенгаши ҳисоб-китобларига кўра Хорватия пандемия бошланганидан буён ўз чегараларидан Босния ва Герцеговинага деярли 18 минг муҳожирни чиқазиб юборди. Шунингдек, Грециянинг 2020 йил январь ойидан бери ўз қирғоғига 6 мингдан ортиқ муҳожирнинг тушишига рухсат бермаганлиги айтилмоқда. Шу муносабат билан, апрель ойида Европа инсон ҳуқуқлари судида Грецияга қарши даъво қўзғатилди. Греция патруль кемалари муҳожирларни олиб кетаётган қайиқларни Туркия сувларига қайтариб, одамларни озиқ-овқат, сув ва қутқарув нимчаси бўлмаган ҳолда денгизда қолдирганликда айбланмоқда. — ТАСС.


AҚШ Европа Иттифоқининг мудофаа дастурига қўшилган биринчи давлатлардан бўлади

Европа Иттифоқи АҚШ, Норвегия ва Канадага хавфсизлик ва мудофаа ҳамкорлиги (PESCO) ҳарбий дастурига қўшилишга рухсат беради. Ушбу қарорнининг 6 май куни ҳамжамиятга аъзо давлатларнинг мудофаа вазирлари томонидан қабул қилиниши кутилмоқда. PESCOнинг асосий мақсади — Европа Иттифоқи аъзолари ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш ва чегаралардаги бюрократик тартибларни соддалаштириш, шу жумладан, НAТОнинг тезкор жойлашуви ва трансчегаравий узатишни соддалаштирилган тартибини таъминлаш учун божхона қоидаларини уйғунлаштириш. — ТАСС.