Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) «постковид ҳолатига» расмий клиник таъриф берилганини маълум қилди. Коронавирус билан оғриган беморларнинг тахминан 10−20% ушбу синдромга чалинган.

БМТ сайтида маълум қилинишича, ЖССТ вакили Жанет Диаз жума куни Женевадаги брифингда ушбу синдром ҳақида маълумот берди. Унинг тушунтиришича, «чўзилган COVID» деб аталадиган касаллик коронавирус юқтиргандан кейин тахминан уч ой ўтгач сезилиши мумкин, унинг аломатлари камида икки ой давомида сақланади. Ушбу ҳолатларни бошқа ташхислар билан тушунтириб бўлмайди.

Тиббиёт ходимлари орасида ушбу ҳолат бўйича ҳозиргача аниқлик йўқ эди, бу эса тадқиқотлар ва даволашнинг кетишини қийинлаштириб турганди. Энди ЖССТ эълон қилган ҳужжатда «чўзилган COVID» глобал стандартлаштирилган клиник ташхисини қўйиш учун сабаблар батафсил тушунтирилган.

Постковид синдромининг асосий аломатлари — кучли чарчоқ, нафас қисилиши, шунингдек когнитив дисфункция белгиларининг намоён бўлиши ва инсоннинг кундалик ҳаётига таъсир қилувчи бошқа қатор аломатлар. Улар касалликдан уч ой ўтиб намоён бўлиши мумкин. Баъзи беморларда аломатларнинг ўткир фазалари орасида бир неча марта вақтинчалик ҳолат яхшиланиши кузатилиши мумкин.

ЖССТ мутахассисларининг таъкидлашича, постковид синдромидан азият чекаётган беморларнинг аксарияти тўлиқ соғайишмоқда, бироқ уларнинг баъзилари «организмнинг бир нечта тизимларига, жумладан ўпка, юрак-қон томир ва нерв тизимларига таъсир билан боғлиқ узоқ муддатли оқибатларни» бошдан кечиришмоқда. Бу аломатлар инфекциянинг оғирлик даражаси қандай бўлганлигидан қатъий назар намоён бўлиши мумкин. Улар ўрта ёшдаги аёлларда ва олдин ҳам соғлиқ билан муаммоси бўлган шахсларда кўпроқ учрамоқда.

ЖССТ вакили янги таъриф тиббиёт ходимларига постковид синдроми бўлган беморларни аниқлашга ва тегишли даволашни тайинлашга ёрдам беришига умид билдирди.

Чўзилган ковид ҳолатини тест қилиш механизмлари мавжуд эмас. Бунинг устига, коронавирус билан оғриган айрим беморларда уларнинг намоён бўлиши сабаблари ҳалигача аниқ эмас.

«Бу вируснинг чидамлилигидан, микротромбоз мавжудлигидан ёки қон томир тизимидаги қандайдир муаммодан бўлиши мумкин, — дея таъкидлади Жанет Диаз, ушбу соҳадаги тадқиқотларни давом эттираётган олимларнинг айрим хулосаларига таяниб — бунга аутоиммунитет ёки ишламаётган иммун тизими билан билан боғлиқ муаммолар ҳам таъсир ўтказиши мумкин, булар ҳам айрим аломатларнинг намоён бўлишига олиб келади».