ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод ва амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда Ўзбекистоннинг Афғонистон билан муносабатлари ҳақида фикр билдирди.

«Қўшни танланмайди, у Худонинг бергани» — деди Шавкат Мирзиёев.

«Эрталаб туриб Ўзбекистон-Афғонистон чегараларида нима бўлди, деб сўрайман. 30−40 дақиқа менга чегараларимиздаги вазият ҳақида хабар беришади. [Афғонистоннинг] янги раҳбарлари билан музокара олиб боряпмиз. Ўтираверсак, вазиятни бизга ҳеч ким айтмайди. Жафокаш афғон халқига қўлимиздан келганча ёрдам беришга тайёрмиз», — деди у.

«Бизнинг ягона мақсадимиз — Ўзбекистонга Афғонистондан ўқ отилмасин», — дея таъкидлади президент.

«Мен лавозимга келганимда 57% чегарамизда муаммолар бор эди. Қўшни мамлакатлар билан музокаралар ёрдамида уларнинг аксариятини ҳал қилдик», — деди у.

Август ойининг охирида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда икки йил олдин Афғонистондаги вазият қандай ривожланишини башорат қилишганини, шу сабабли ҳам у «Толибон» билан мулоқотни бошлашга топшириқ берганлигини, у пайтда ҳали ҳеч қайси давлат ушбу ҳаракат билан гаплашмаганлигини маълум қилган эди.

7 октябрь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистоннинг муваққат ҳукумати вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматлари вакилларининг биринчи учрашуви бўлди.