Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи доирасида фаоллар билан учрашувда Афғонистондаги вазият масаласига тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz.

«Афғонистондаги вазият ҳаммамизни ўйга солиши табиий. Хавотир олманглар, мудофаа қудратимиз ҳар қандай вазиятга тайёр, вазиятни назорат қилиб турибмиз. Лекин мени ўйлантиргани — улар бизнинг жонажон қўшнимиз, улар ҳам кўчиб кета олмайди, биз ҳам. Мана, кечадан бошлаб жафокаш афғон халқига кўмак бўлиш мақсадида Ҳайратон кўпригини вақтинча ишга туширдик. Чунки Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож, агар улар тинчлик сари ҳаракат қилсалар, биз уларга кўмакчи бўламиз», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев сўзларига кўра, Ўзбекистон бошқа давлатлардан келаётган озиқ овқатни поездлар орқали Афғонистонга етказиб беради, ўзи ҳам бунга ҳисса қўшади. «Чунки Мозори Шариф шаҳрига ягона темирйўл биз орқали ўтади», — деди у.

«Толибон билан кеча ёки бугун эмас, ҳали ҳеч қайси давлат улар билан гаплашмаганида, икки йил олдин улар билан мулоқот қилишга топшириқ берган эдим. Телевизорда кўрган бўлсангиз, уларнинг Доҳадаги раҳбари Мулла Абдул Ғани Бародар жаноби олийлари ҳам ўшанда Ўзбекистон халқига, Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслиги бўйича ваъда берганди. Ваъдасига вафодор бўлиб тургани учун ҳам улар билан мулоқот қилишимиз табиий», — деди президент.

Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Ким бўлишидан қатъи назар улар билан мулоқот қиламан. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар гаплашаман", — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

«Мен шундай воқеа булишини икки йил олдин билган эдим», — дея қўшимча қилди у.