Адабиёт йўналишида 2021 йилги Нобель мукофоти танзаниялик ёзувчи Абдулразоқ Гурнага топширилди. Бу ҳақда Швеция қироллиги фанлар академиясининг Нобель қўмитаси маълум қилди.

Қўмита қарорида таъкидланишича, Гурнага мукофот «колониализм оқибатлари ҳамда маданиятлар ва қитъалар оралағидаги жарликдаги қочқинлар тақдирига муросасиз ва раҳмдиллик билан киришгани» учун берилган.

Абдулразоқ Гурнанинг машҳур асарлари «Жаннат» (1994 йил) ва «Қочоқлик» (2005) романлари ҳисобланади. Унинг сўнгги асари «Қабрдаги ҳаёт» 2020 йилда чиққан. У ҳозирда Буюк Британияда истиқомат қилади.

Ўтган йили америкалик шоира Луиза Глюк ушбу йўналишда Нобель мукофоти соҳибаси бўлган эди.

Нобель ҳафталиги 4 октябрь куни бошланиб, олдинроқ тиббиёт, физика ва кимё бўйича совриндорлар эълон қилинган эди.