Физиология ва тиббиёт соҳасидаги 2021 йилги Нобель мукофоти Дэвид Жулиус ва Ардем Патапутянларга «ҳарорат ва сезиш рецепторларини кашф қилишгани учун» топширилди, дея хабар берди РИА Новости.

Олимлар ўз вақтида рецептор-молекулаларни кашф этган бўлиб, ушбу рецепторлар иссиқлик, совуқлик ва тегинишларни сезувчи биохимик реакцияларни келтириб чиқаради.

Дэвид Жулиус 1955 йилда Нью-Йоркда туғилган ва 1984 йилда Беркли Калифорния университетида докторлик даражасини олган. Кейинчалик у Сан-Францискога кўчиб ўтган ва у ерда ҳозиргача ўз фаолиятини олиб боради.

Ардем Патапутян 1967 йилда Ливан пойтахти Байрут шаҳрида туғилган, кейинчалик Лос-Анжелесга кўчиб ўтган. У ерда у Пасадендаги Калифорния технологик институтида диссертациясини ёқлаган. Ҳозирда олим Калифорниянинг Ла-Хойясидаги Scripps Research тиббий ва тадқиқот нотижорат марказида фаолият олиб боради.

2020 йилда тиббиёт соҳаси бўйича Нобель мукофоти гепатит С вирусини кашф этган Ҳарви Альтер, Майкл Хоутон ва Чарльз Райсга топширилган эди.