Финляндия, Дания ва Швецияда 30 ёшгача бўлган эркакларни Moderna билан эмлаш тўхтатилди

Финляндия 30 ёшгача бўлган эркакларни коронавирусга қарши эмлашда Moderna препаратини қўллашни тўхтатишга қарор қилди. Бу хақда Yle мамлакат соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш институти директори Мика Салминенга таяниб хабар бермоқда. Энди улар Pfizer билан эмланади. Moderna вакцинасининг биринчи дозасини олганлар ҳам Pfizer’нинг иккинчи дозасини олишади.

Финляндия, Швеция, Норвегия ва Данияда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ўғил болалар ва ёш йигитларда Moderna Spikevaxдан фойдаланиш юрак мушагининг яллиғланиши бўлган миокардит ривожланиш эҳтимолини бироз оширади, деб таъкидламоқда Салминен. Унинг сўзларига кўра, аксарият ҳолларда миокардит бир неча кун давом этади ва белгиларсиз кечади. Бироқ, шунга қарамай, эҳтиёт чораси сифатида, расмийлар бу гуруҳни Moderna билан эмлашни тўхтатишга қарор қилишди, деб айтади у.

Дания расмийлари хавфсизлик нуқтаи назаридан 18 ёшгача бўлган ўсмирларни COVID-19'га қарши Moderna вакцинаси билан эмлашни тўхтатдилар, деб ёзади The Local. Дания ССВ бу қарор «эҳтиёт чораси сифатида» қабул қилинганини айтди. Associated Press’нинг хабарига кўра, Швеция ҳукумати 30 ёшгача бўлган аҳолини препаратнинг ён таъсири хавфи ортиши сабабли ундан фойдаланишни вақтинча тўхтатди.

Moderna Spikevax вакцинасининг ён таъсирларига миокардит ва перикардит ҳолатлари расман киритилган.


Латвиянинг соғлиқни сақлаш тизимида фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Давлат оператив тиббий комиссияси Латвиянинг соғлиқни сақлаш тизимида фавқулодда ҳолат эълон қилишга қарор қилди. Бу ҳақда Интерфакс республика соғлиқни сақлаш вазири Даниэль Павлютсга таяниб хабар бермоқда. Энди касалхоналар COVID-19 билан касалланганларга ҳам, бошқа оғир касалларга ҳам ёрдам бериш учун ўз ресурсларидан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Павлютснинг таъкидлашича, ҳозирги вазиятда тез ёрдам машиналари етишмовчилиги кузатилмаяпти, лекин муаммо шундаки, улар касалхоналарнинг қабул бўлимлари ёнида навбатда туришиб, бошқа ўткир ҳолатларда мурожаатларни қабул қила олмаяпти. COVID-19 билан касалланишнинг кўпайиши муносабати билан Латвия беморларни даволаш ва дала касалхонасини жойлаштириш учун халқаро ёрдам сўраши мумкин, деди вазир.


Покистонда зилзила оқибатида 20 киши ҳалок бўлди

Покистоннинг Балужистон вилоятида юз берган 5,8 магнитудали зилзила оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам жароҳатланди. Зилзила маркази 10 км чуқурликда, Кветта шаҳридан тахминан 100 км узоқликда қайд этилган. 100 дан ортиқ уйлар қулаб тушган, аксарият бинолар, жумладан ҳукумат бинолари зарар кўрди. — Интерфакс.

Бундан ташқари:

Якшанба куни Уммон ва Эронга бостириб келган «Шоҳин» циклонининг қурбонлари сони 14 кишига етди. Уммонда, маълум қилинишича, 12 киши ҳалок бўлган. Эронда расмийлар илгари йўқолган бешта балиқчидан иккитасининг жасадини топганликларини айтишди. Иккала мамлакатда ҳам бир неча киши бедарак йўқолган ҳисобланади. — Associated Press.


Aфғонистонда тўйларда жонли ижродаги мусиқа тақиқланди

Мамлакатда «Толибон» томонидан тўй ўтказиш қоидалари белгиланди, улардан бири байрам пайтида жонли ижродаги мусиқанинг тақиқланашидир. Тегишли қарор яқинда тузилган исломий даъват, йўналиш, эзгулик амри ва номуносибликни тақиқлаш вазирлигининг махсус йиғилишида қабул қилинди. Бундан ташқари, ҳаракат никоҳ маросимини байрамона дастурхондан олдин ўтказишни тақиқлади, тадбир давомида эркаклар ва аёллар алоҳида хоналарда бўлишлари керак бўлади. — ТАСС (Afghanistan International).

Шунингдек:

  • Aфғонистоннинг Хост вилоятидаги масжидда содир бўлган портлаш оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, 14 киши яраланди.
  • Афғонистоннинг энергетика компанияси электр энергияси ҳақини тўламаган собиқ ҳукумат амалдорларининг мол-мулкини сотувга қўймоқчи. Мамлакат аҳолиси компаниянинг бу қарорини қўллаб-қувватлаётганлиги айтилмоқда. Маълумотга кўра, компанияга тўланиши керак бўлган электр энергиясидан қарзларнинг умумий миқдори 5,5 млн доллардан ортиқ.

ЖССТ безгакка қарши дунёдаги биринчи вакцинадан фойдаланишни бошлашни тавсия қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) безгакка қарши дунёдаги биринчи вакцина — RTS,S'дан фойдаланишни маъқуллади. Бу, мутахассисларнинг фикрича, ҳар йили Aфрикадаги ўн минглаб болаларни қутқариб қолиши мумкин.

«Фаолиятим бошида мен безгак касаллиги бўйича тадқиқотлар билан шуғулланардим ва бу қадимий ва даҳшатли касалликка қарши самарали вакцина пайдо бўладиган кунни интизорлик билан кутардим. Ва бугун ўша кун келди, бу тарихий кундир. Бугун ЖССТ безгакка қарши дунёдаги биринчи вакцинани кенг қўллашни тавсия қилади», — деди ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус. «Ушбу вакцинани безгакка қарши профилактика воситаларигага қўшимча сифатида ишлатиш ҳар йили ўн минглаб ёшларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин», дея қўшимча қилди у.

ЖССТ раҳбари вакцина «хавфсиз» эканлигини таъкидлади. Бироқ тахминан тўрт йил давом этган клиник синовларга кўра, вакцинанинг самарадорлиги чекланган: синов пайтида, Aфрикадаги болалар орасида препарат безгак инфекциясининг 39 фоиз ҳолатларини ва оғир шаклларининг 29 фоизининг олдини олган. — The Guardian.


Шунингдек:

  • Танзаниялик ёзувчи Абдулразоқ Гурна адабиёт йўналишида 2021 йилги Нобель мукофотининг соҳиби бўлди. У «колониализм оқибатлари ва қочқинлар тақдирига муросасиз ва раҳмдиллик билан киришгани» учун тақдирланган.
  • Эрон 2025 йилга бориб космосга одамни юборишни режалаштирмоқда. Мамлакат космик институти раҳбари Фатҳуллоҳ Омининг таъкидлашича, бу мамлакат «имижини» оширади. У, шунингдек, сўнгги йилларда Эрон бешта космик йўлдошни учирганини эслади. Омининг айтишича, космосга саёҳат қилиш учун дастлабки рўйхатдан ўтганлар ва ҳозирда керакли тайёргарликдан ўтаётганлар орасида учувчилик тажрибасига эга бўлган аёллар ҳам бор.
  • Канадада федерал амалдорлар, полиция ва ҳарбий хизматчилар, темир йўл ва ҳаво транспортида саёҳат қилувчиларга COVID-19'га қарши мажбурий эмлаш жорий қилинди. Улар кейинги икки ой ичида вакцинациядан ўтишлари керак.
  • Перу президенти Педро Кастильо чоршанба куни Гидо Бельидо ҳукуматини истеъфога чиқарди. Кастильонинг айтишича, бу қарор «бошқарувни ошириш» манфаати ва «ҳокимият ўртасидаги мувозанатни» сақлаш мақсадида қабул қилинган. Шунингдек, у мамлакат сиёсий кучларини давлат манфаатлари учун мафкуравий тафовутлардан воз кечишга чақирди. Шу билан бирга, ўша куни республиканинг янги ҳукумати тасдиқланиб, қасамёдга қилтирилди.