Финляндия президенти бир кун давомида 16 ёшли қиз билан биргаликда ишлайди

Фото: Финляндия президентининг матбуот хизмати

Ўн олти ёшли Нелла Салминен 6 октябрь куни Финляндия президенти Саули Ниинистёнинг шериги бўлиб, бир қатор муҳим учрашувларда қатнашади ва нутқ сўзлайди. Бу ҳақда мамлакат раҳбарининг веб-саҳифасида маълум қилинди. Ушбу тадбир болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Plan International ташкилоти томонидан ўтказиладиган «Girls Takeover» кампанияси доирасида ўтказилади. Бу йилги кампаниянинг мақсади маълумотларнинг тенгликка таъсири ҳақидаги масалани кўтаришдир, дейилади баёнотда.

Кун давомида Ниинистё ва Салминен Reuters IMPACT виртуал конференциясида иштирок этади, унда «иқлим ҳимояси бўйича ҳаракатлар ва келажак авлодлар учун масъулият» муҳокама қилинади. Улар, шунингдек, Aёллар уюшмалари марказий бирлашмаси раҳбари Эва Биоде билан учрашадилар. Бундан ташқари, Салминен президентнинг рафиқаси Йенни Хаукио ва президент идораси аъзолари билан учрашиши режалаштирилган.

«Girls Takeover» кампанияси БМТнинг 11 октябрда нишонланадиган Халқаро қизлар куни байрамининг бир қисмидир. Кампания турли мамлакатлардаги қизларга бир кунлик муҳим лавозимларни эгаллашга ва ўзларини энг ижтимоий аҳамиятга эга институтларнинг етакчиси сифатида ҳис қилишларига имкон беради. Финляндия мазкур тадбирда бешинчи марта иштирок этмоқда.


Фумио Кисида Япониянинг янги бош вазири бўлди

Японияда парламентнинг иккала палатасида овоз бериш натижаларига кўра, янги бош вазир лавозимига ҳукмрон Либерал-демократик партиянинг раҳбари, собиқ ташқи ишлар вазири Фумио Кисида сайланди. Қуйи палатадаги овоз бериш натижасида Кисиданинг номзоди 458 та сайлов бюллетенининг 311 тасида, юқори палатада 241 та бюллетендан 141 тасида қўллаб-қувватланди.

Хирокадзу Мацуно ҳукуматнинг янги бош котиби бўлди. Душанба куни у янги кабинет таркибини эълон қилди — 19 вазирдан 13 нафари биринчи марта вазирлар портфелини олди. Ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги ва мудофаа вазири Нобуо Киси олдинги ҳукуматдан янги Вазирлар Маҳкамасига ўтдилар, фан ва таълим вазири бўлган Коити Хагиуда иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири лавозимини эгаллади.

Шу билан бирга, Кисида октябрь охирида Японияда парламент сайловлари ўтказилишини, шундан сўнг янги ҳукумат тузилиши ҳақида маълум қилди.

Фумио Кисида 2012 йилдан 2017 йилгача ташқи ишлар вазири бўлган. 2016 йилда у Барак Обаманинг Хиросимага ташрифини уюштирганди. Бу AҚШ президентининг атом бомбаси тушган шаҳарга биринчи ташрифи бўлганди. 2017 йилда Кисида Либерал-демократик партиянинг сиёсий кенгашини бошқарган ва шу йилнинг сентябрь ойида унинг раиси этиб сайланганди. — Газета.uz


Жанубий Калифорнияда йирик нефть тўкилиши содир бўлди

Якшанба куни АҚШнинг Жанубий Калифорния штати шошилинч хизматлари нефть тўкилган пляжларни тозалашни бошладилар. Мутахассислар Оринж округидаги тўкилиш сабабини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда, деб хабар бермоқда ABC News. Таъкидланишича, океанга камида 572,8 минг литр нефть сизиб чиққан.

«Ушбу ҳодиса экологик ҳалокат билан баробар», — деди шаҳар мэри Ким Карр. Унинг айтишича, Amplify Energy компаниясининг сув ости қувуридан 477 минг литр нефть тўкилган, бунинг натижасида тахминан 34 кв. км. майдонда нефть доғи пайдо бўлди. Шаҳар раҳбари буни «экологик офат» ва «потенциал экологик офат» деб атаб, «қирғоқ чизиғимизнинг бир қисми ҳозир нефть билан қопланган», дея изоҳлади вазиятни. ОАВ маълумотларига кўра, балиқлар ва бошқа денгиз ҳайвонларининг ўлими кузатилмоқда.

Фото: EPA/Vostock-photo

Фото: Mario Tama/Getty Images


Фото: Mario Tama/Getty Images


Кобулда масжид яқинидаги портлаш оқибатида 12 киши ҳалок бўлди

Якшанба куни Кобулдаги Идгаж масжиди яқинида содир бўлган портлаш оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, 32 киши яраланди. Маълум қилинишича, у ерда «Толибон» вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг онаси билан видолашув маросими ўтказилаётган бўлган. Хабарга кўра, ҳужум нишонлари харакат раҳбарлари ва Aфғонистон муваққат ҳукуматига тайинланган амалдорлар, хусусан, Мудофаа вазирлиги вакиллари бўлган.

Таъкидланишича, «Толибон» хавфсизлик ходимлари терактга тайёргарлик кўриш ва уни уюштиришда гумон қилинган уч кишини ҳибсга олди. — ТАСС (Al Jazeera).

Шунингдек:

  • Кобулда сўнгги икки ой ичида кутубхоналар, китоб дўконлари ва нашриётларнинг камида 95 фоизи мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият туфайли ёпилди. «Кобулдаги кутубхоналарнинг қарийб 95 фоизи молиявий қийинчиликлар туфайли ёпилди. Ҳозирги вазият китоб сотувчилар ва нашриётчиларни қийин аҳволга олиб келди. Нон ва кийим учун пули йўқларга энди китобга вақтлари ҳам йўқ», — деди Aфғонистон ноширлари уюшмаси президенти Саид Aҳмад Саид. Кобулдаги мунтазам китоб кўргазмалари ташкилотчиларининг сўзларига кўра, сўнгги воқеалар муносабати билан харидорлар сони камида 90 фоизга камайган ва ҳудудларда бу кўрсаткич бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.

Эрон ва Уммонга бостириб келган тўфон оқибатида 9 киши ҳалок бўлди

Эрон ва Уммоннинг айрим туманларига «Шоҳин» тропик тўфонининг бостириб келиши натижасида камида 9 киши ҳалок бўлди. Шамол тезлиги соатига 120 дан 150 кмгача етган.

Уммонда сув тошқини оқибатида уч киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлган. Минглаб одамлар қирғоқ бўйидаги ҳудудлардан эвакуация қилинди. Уммон пойтахти Маскат кўчаларини сув босди. Мамлакат билан ҳаво қатнови тўхтатилди. Душанба куни БААнинг (Уммон билан чегарадош) Aл-Aйн шаҳри аҳолисига масофадан туриб ишлаш ва уйларини тарк этмаслик тавсия қилинди.

Фото: Маскат кўчалари, EPA/Vostock-photo

Эронда жануби-шарқий Систан ва Балужистон вилоятларидаги портда олти киши ҳалок бўлган. Таъкидланишича, тўфон электр таъминоти ва йўлларга зарар етказган. — BBC News.


Шунингдек:

  • Мисрнинг EgyptAir миллий авиакомпанияси якшанба куни Тель-Aвивга 1979 йилдан буён илк тўғридан-тўғри расмий парвозни амалга оширди. Aвиакомпаниянинг шўъба компанияси AirSinai жамоатчилик норозилигидан қўрқиб, Исроилга компания логотиписиз ўнлаб йиллар давомида парвоз қилганди.
  • Россияда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайиши оқибатида мамлакат бўйлаб барча оммавий тадбирлар бекор қилинди.
  • Тиббиёт соҳасидаги Нобель мукофоти «ҳарорат ва сезиш рецепторларини кашф қилган» олимлар Дэвид Жулиус ва Ардем Патапутянга топширилди.
  • Таниқли сиёсатчилар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, машҳур бойларнинг офшор операциялари ҳақида эълон қилинган «Pandora Papers» ҳужжатларида Ўзбекистонга миллионлаб инвестиция киритган ирланд компаниялари ҳамда Гулнора Каримовага пора берганликда гумон қилинадиган Telia компанияси вакиллари ҳақида ҳам сўз боради. Шунингдек, суриштирув доирасидаги ҳужжатларда Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг оиласи, Украина президенти Владимир Зеленский, Иордания қироли, Буюк Британия собиқ бош вазири ва бошқа таниқли шахсларнинг офшор операциялари ҳақида маълумот келтирилган.