Афғонистоннинг энергетика компанияси (Da Afghanistan Breshna Sherkat, DABS) собиқ ҳукумат амалдорларининг мол-мулкини сотувга қўяди. Бу ҳақида DABS маълумотларига таяниб TOLOnews хабар қилди.

Хабарга кўра, 6 октябрь куни DABS электр энергияси ҳақини (айрим ҳолларда, йиллар давомида) тўламаган бир қатор собиқ ҳукумат амалдорлари ва маҳаллий таниқли шахсларнинг мол-мулкини сотишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган.

DABS операцион директори вазифасини бажарувчи Сафиуллоҳ Аҳмадзайнинг сўзларига кўра, мазкур процедура муваққат ҳукумат томонидан тасдиқланганидан сўнг, компания қарздор амалдорлар ва Афғонистондан чиқиб кетган маҳаллий энергоброкерларининг мулкларини сотишни бошлаши қайд этилган.

DABS берган маълумотларга кўра, компанияга тўланиши лозим бўлган электр энергияси учун қарзларнинг умумий миқдори 500 миллион афғони (5,5 млн доллардан зиёд) атрофида.

«Биз процедура устида ишлаяпмиз. Қарздорлардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиб олиш чора-тадбирлари белгиланиши лозим. Мазкур чора-тадбирларга асосланиб, уларнинг мулкини сотишимиз мумкин, ёки бошқа муқобил йўлини топамиз», — дея таъкидлаган Аҳмадзай.

DABS собиқ директори Омонуллоҳ Ғолибнинг сўзларига кўра, бу қарор «муаммога қисқа муддатли ечим» бўлади. «Узоқ муддат учун, у DABS муаммосини тўла ҳал қила олмайди».

TOLOnews маълум қилишича, мамлакат аҳолиси DABS қарорини мамнуният билан қабул қилиб, компания импорт қилинадиган электр энергияси узилишининг олдини олиш учун бор имкониятини ишга солиши кераклигини айтмоқда.

«Уларнинг мулклари сотилиши керак. Улар мамлакатни тарк этишди ва қайтишмайди. Ночор одамлар электр ҳақини тўлаган, энди улар учун электр энергияси узилмаслиги керак», — дейди кобуллик Роҳуллоҳ.

DABS, шунингдек, собиқ ҳукумат қулаганидан кейин компания даромади 70 фоизга қисқарганини қайд этган.

4 октябрда DABS Афғонистон қўшни давлатлардан электр энергияси импорти учун 62 млн доллар миқдорида қарздорлигини маълум қилган эди. Компания вакиллари БМТнинг Афғонистондаги ёрдам дастуридан қарзни тўлаш учун 90 млн доллар маблағ сўраб мурожаат қилишган.

Компания собиқ директори Омонуллоҳ Ғолиб «тўловлар амалга оширилмаса, қўшни давлатлар экспорт қилинадиган электр энергиясини узиб қўйиши хавфи мавжуд» эканлигини таъкидлаган эди.