Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти жорий йилда 6,2 фоиз ўсиши ва келгуси йилда 5,6 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича иқтисодий ҳисоботининг янги нашрида қайд етилган. Июнь ойида Жаҳон банки Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 4,8 фоизни ташкил қилишини прогноз қилганди.

Иқтисодиётнинг ўсиш тенденциялари

Маълум қилинишича, ўтган йили Ўзбекистон ЯИМ кўрсаткичи 1,7 фоизгача секинлашувидан сўнг, 2021 йилнинг биринчи ярмида ЯИМ 6,2 фоизгача ўсди. Уй хўжаликлари даромади ва ички инвестицияларнинг ўсиши, бюджет маблағларининг инқирозга қарши чораларни амалга ошириш учун сарфланиши, шунингдек, солиқ имтиёзлари 2021 йилда иқтисодиётнинг ўсишига сабаб бўлди.

Ҳисоботга кўра, экспортнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,3 фоизга ошди. Хусусий истеъмолнинг ўсиши ва машиналар, ускуналар ва хом ашёга бўлган талабнинг тикланиши ҳисобига 2021 йилнинг биринчи ярмида импорт 14,3 фоизга ўсди.

Инфляция даражаси 2020 йил июнь ойидаги 14,7 фоиздан 2021 йил июнь ойида 11 фоизгача камайди. Ушбу кўрсаткич озиқ-овқат нархининг ўсиш суръати туфайли икки хонали рақамлигича қолди. Инфляция бўйича кутилмаларнинг ноаниқлик даражасини ҳисобга олиб, Марказий банк базавий ставкани 14 фоиз даражасида қолдирди. Бу кўрсаткич 2020 йил сентябрь ойидан бери ўзгаришсиз қолмоқда.

Иқтисодиётни кредитлаш бўйича йиллик ўсиш 2020 йил июнь ойида 34 фоиз ва 2019 йилда 52 фоизга тенг бўлган бўлса, 2021 йил июнь ойида 24 фоизгача секинлашди. Бу тенденция 2021 йилда реал кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг баландлиги ва давлат томонидан субсидия қилинадиган кредитлашнинг қисқариши ҳисобига банк кредитларига бўлган талабнинг сусайишини кўрсатади.

Иқтисодий тикланиш жараёнида ишсизлик даражаси 2020 йилнинг биринчи ярмидаги 13,2 фоиз ва 2020 йил охиридаги 10,5 фоиздан 2021 йилнинг биринчи ярмида 10,2 фоизга пасайди. Ҳисоботда айтилишича, ишсизлик даражаси ҳозирча пандемиядан олдинги даражага етмаган (9 фоиз атрофида) ҳамда аёллар ва ёшлар учун ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича прогноз

2021 йилда Ўзбекистон ЯИМнинг ўсиши 6,2 фоизга етиши кутилмоқда. Аммо пандемиянинг янги тўлқинларининг глобал ва миллий иқтисодиётга таъсири давом этаётгани сабабли бу прогноз ноаниқлигича қолмоқда.

Жаҳон банки экспертларининг фикрига кўра, 2022 йилда ҳам мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши юқори даражада қолиб, аҳолини эмлаш даражаси тезлашиши ва жаҳон иқтисодиётидаги узилишларнинг камайиши билан 5,6 фоизга етиши кутилмоқда.

Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2021 йилда паст даражада қолиши ва 2022 йилда қисман тикланиши кутилмоқда.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва аҳолини эмлаш кампанияси бўйича харажатлар 2021 йил охирига келиб давлат харажатларини янада оширади. Бу бюджетга солиқ тушумларининг кўпайиши, фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ва давлат корхоналарини хусусийлаштиришдан келадиган даромад ҳисобига қопланади, бу эса 2021 йилда бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 5,5 фоизига тенг бўлишига олиб келиши кутилмоқда.

Иқтисодиётнинг барқарор тикланиши, инқирозга қарши чораларнинг босқичма-босқич бекор қилиниши ва солиқ базасини кенгайтиришга қаратилган солиқ маъмурчилиги ислоҳотлари бюджет тақчиллигини камайтиришга ва 2023 йил охирига келиб давлат қарзини ЯИМнинг қарийб 42 фоизи даражасида барқарорлаштиришга ёрдам бериши кутилмоқда.

Марказий Осиёдаги иқтисодий вазият

Ички талабнинг кучайиши Марказий Осиёда иқтисодий фаолликни оширди, чунки иқтисодиётнинг босқичма-босқич очилиши чакана савдо ҳажмини оширди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, минтақадаги ўсиш 2021 ва 2022 йилларда 4,3 фоизгача тикланади.

Қайд этилишича, хавфсизликка таҳдидларнинг ошиши ва қочқинлар оқими билан боғлиқ ноаниқлик сабабли қўшни давлатлардаги, жумладан Афғонистонда, барқарорлик бўйича хавотирлар Марказий Осиёдаги ўрта ва узоқ муддатли истиқболларга хавф солиши мумкин. Шунингдек, минтақанинг иқтисодий прогнозлари сиёсий танглик ва ижтимоий тартибсизликлар, айниқса Қирғизистон билан боғлиқ ноаниқликларни ҳам инобатга олиши керак.