Қашқадарё вилоят ИИБ Nasaf News нашри томонидан эълон қилинган видеоёзувда аёл кишининг эри икки ёшли ўғлини калтаклаб, кома ҳолатига тушишига сабаб бўлганини даъво қилаётгани ҳолати юзасидан изоҳ берди.

Видеода аёл ўқитувчи бўлиб ишлайдиган эридан икки ўғли борлигини айтади. Каттаси икки, кичиги — бир ёшда.

«Кечки пайт 4−5 атрофида [эрим] ишдан келди. Ишга келганида икки боламнинг бири бешикда эди, бирови ерда эди. Иккаласининг ҳам қўлида печеньеси бор эди. Ҳа, дадаси келди, дадаси қараб турсин, деб бировини кўрпачанинг устига қўйдим, бирови бешикда эди. Ўша маҳал мол келган экан, ташқарига молни қўрага қамагани кетдим, 20 минут ташқарига чиқдим. Шу 20 минут орасида дадаси уриб, кўзини кўр қилиб, кўзига нотўғри мазни суртган, икки кўзини кўрмайдиган даражага олиб келган, бўғган, калла қисмига роса урган. Тикиш машинам олдида турган, тикиш машинамга урган. Бола отилиб кетган. Шунчалик даражада бўлмайди. Кейин қарақасам, кўрпага ҳушидан кетказиб, тўғри қилиб ётқизиб қўйибди», — дейди аёл.

Кейинги куни эри ишга кетганида, у ўз укасига қўнғироқ қилиб, уларни олиб кетишни сўрайди.

Аёлнинг айтишича, эри аввалги оилаларидан бўлган фарзандларини ҳам қийнаб келган — биринчи аёлидан бўлган ўғлининг қўлларини куйдириб ташлаган, иккинчи хотинидан бўлган болага эса пичоқ билан таҳдид қилган. Унинг сўзларига кўра, бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берса, аёли ва боласини пичоқлаб ўлдиришни айтиб таҳдид қилган

Вилоят ИИБ хабарига кўра, 25 сентябрь куни вилоят ИИБ 102-операторига Деҳқонобод тумани Теракли МФЙда яшовчи уй бекаси Ж.С. қўнғироқ қилиб, вояга етмаган ўғли Э. Х.ни болани отаси Д.Ш. уриб тан жароҳати етказгани ва ўғли РШТЁИМ Қашқадарё филиалининг жонлантириш бўлимида даволанаётганлигини маълум қилган.

РШТЁИМ Қашқадарё филиали маълумотномасида вояга етмаган Э.Х.нинг танасида қўшма шикастланиш, бош мияни лат ейиши, юз соҳасини ўнг томони шилинмаси, бўйин олдинги юзасида усти пустлоқлашган терини тирналган жароҳати, шу соҳаларда юмшоқ тўқиманинг лат ейиши кўринишидааги жароҳатлари борлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Деҳқонобод туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.