Ўзбекистон январь-август ойларида хориждан қиймати 117,4 млн долларга тенг бўлган 1,6 млн дона мобил телефон импорт қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мобил телефон импорти 1,2 млн донага ёки тўрт баробарга ошди.

Хусусан, Тошкентга саккиз ой давомида энг кўп — 1 млн 569,3 минг дона телефон импорт қилинган бўлса, Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 2 донани ташкил қилди. Шунингдек, энг кўп мобил телефон импорт қилиш бўйича Фарғона вилояти (42,7 минг дона), Андижон вилояти (15,7 минг дона) ҳамда Самарқанд вилоятлари (6,8 минг дона) ҳам етакчилик қилмоқда.

Фақатгина август ойининг ўзида хориждан 236 624 дона мобил телефон импорт қилинган.

Ўзбекистон 12 та давлатдан мобил телефонлар импорт қилган, лекин телефонларнинг катта қисми қуйидаги давлатларга тўғри келади:

  • Хитой — 63 млн.
  • Вьетнам — 41,4 млн.
  • Ҳиндистон — 5,9 млн.
  • Қозоғистон — 5,5 млн.
  • БАА — 960 минг
  • Германия — 647 минг
  • Корея — 60 минг
  • Россия — 18 минг АҚШ доллари.

Таққослаш учун: 2019 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга атиги 79,9 минг телефон импорт қилинган, бу ҳозирги кўрсаткичдан 20 баробар паст.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мобил қурилмалар импорт қилувчиларига IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш мажбурияти юклатилгани маълум қилинганди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида мобил қурилмалар импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъий назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўлади.

Жорий йил бошида «Газета.uz», IMEI кодларни рўйхатдан ўтказишдан 240 млрд сўм маблағ келиб тушгани ҳақида хабар берганди.