«ЎзТТРМ» ДУК ижрочи директори Улуғбек Шакиров Ўзбекистонда IMEI соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2020 йил сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида IMEI кодларни рўйхатдан ўтказиш пуллик асосда амалга ошириш бошланганидан буён 240 млрд сўм маблағ келиб тушганини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Бундан ташқари, у тизим жорий этилишининг биринчи босқичида — 2019 йилнинг 1 апрелидан 1 ноябригача 36,2 млн IMEI кодлар тизимда автоматик тарзда бепул рўйхатдан ўтказилганини қайд этди.

Иккинчи босқич — 1 ноябрдан 1 декабргача 2,8 млн IMEI кодлар тизим операторига мурожаат қилиш орқали бепул амалга оширилган. 2019 йил 1 декабрдан пуллик асосда хизмат кўрсатилган.

2020 йил январдан 1 ноябрга қадар Ўзбекистонда 781,7 мингта мобил қурилма импорт қилинган. 1 ноябрь ҳолатига 2019 йилга нисбатан телефонларнинг қонуний импорти деярли 10 бараварга ошган.

«ЎзТТРМ» ДУК матбуот хизмати қўшимча қилишича, ушбу маблағлар тизим учун ажратилган махсус ҳисоб рақамига келиб тушган.