Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» социал -демократик партияси фракцияси автомобиль ҳайдовчиларининг тезликни оширгани учун жарима миқдорини камайтиришни таклиф қилди. Бу ҳақда партия депутати Қодир Жўраев 23 сентябрь куни қонун лойиҳаси фракцияда муҳокама қилинганидан сўнг ўз Telegram-каналида маълум қилди.

24 сентябрь куни «Адолат» СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилди. Аввалроқ, Адлия вазирлиги ҳайдовчиларга қулоқчин ва бошқа ускуналар орқали телефондан фойдаланишга рухсат беришни, шунингдек салонга монитор ўрнатганлик учун жаримани бекор қилишни таклиф қилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Жўраевнинг сўзларига кўра, «Адолат» томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−3-моддаси иккинчи қисми санкциясидаги (20 кмдан ортиқ, лекин 40 кмдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши ёки транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши) жарима миқдорини амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари ўрнига (1,35 млн сўм) 3 баравар қилиб (810 минг сўм) белгилаш таклифи билдирилган.

Партиянинг таклифи машҳур блогерлар ва жамоатчилик томонидан танқид қилинди. Аввалроқ, «Газета.uz» даги материалларда бир қатор экспертлар жарималар юқори бўлиши кераклигини, жарималарнинг пастлиги эса аслида «ҳуқуқбузарликларни тарифлаш» эканлигини таъкидлашган эди.

Шу куннинг ўзида, Адлия вазирлиги матбуот хизмати вазир Русланбек Давлетовга таяниб таклиф этилаётган қонун лойиҳасида тезликни оширганлик учун жаримани камайтириш бўйича таклифлар мавжуд эмаслигини маълум қилди.

Муносабатлар

Ҳуқуқшунос, Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) раҳбарининг ўринбосари ва машҳур блогер Хушнудбек Худойбердиев одамлар ўлимига сабаб бўладиган юқори тезлик учун жаримани камайтириш мантиқсизлик деб атади.

«Рухсатсиз тонировка ҳеч кимга зиён қилмаса ҳам салкам 7 млн сўмдан 11 млн сўмгача жарима белгиланган бир пайтда юзлаб одамлар ўлимига сабаб бўладиган юқори тезлик учун жаримани камайтириш мантиқсизлик (аҳмоқлик дейишга истиҳола қилдим)», — деб ёзди у.

«Хўп, тушундик, депутатларни тонировка масаласига „тиши ўтмайди“, бу жойга келганда улар кўр ва карга айланиб қолади, лекин тезликни оширганлик учун жаримани камайтиришга бало борми, ҳайронман?», — деб сўради ҳуқуқшунос.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов йўл қоидаси бузганлар учун жарималар ва улар ҳақида хабар берган инсонлар учун рағбатлар кўпайиши кераклигини таъкидлади.

«Энг муҳими — суғурта тизими жорий этилиши керак, ахир суғурта инсонлар ҳаётини сақловчи восита. Мақсад инсонлар ҳаётини сақлаш. Йилига бунча кўп одам автомобиллар дастидан халок бўлиши — инсонлар хавфсизлигига бепарволикни англатади», — деди у.

Журналист Муҳбир Далиев тезликни оширгани учун жаримани камайтириш қонун лойиҳаси «тоза лобби» деб ҳисоблайди. «Кун ора оддий халқ тезлик қурбонлари бўлаётгани бир пайтда халқни устидан кулишдай гап бўпти», — қайд этди у.

Машҳур Davletovuz блоги муаллифи, журналист Қобил Ҳидиров: «Қарорни фақат машинада юрадиган одамлар қабул қилса, шунақа бўлади: фақат ўзига қулай бўлишини истайверади» — дея таъкидлади.

Мутаҳассислар фикри

Россиянинг SIMETRA транспорт компаниясининг жамоат транспорти соҳасида ечимлар бўйича директори Владимир Валдин «Газета.uz»га берган интервьюсида «йўл қоидасини бузганлик учун жарима одамлар учун жуда қиммат бўлиши керак»лиги ҳақида айтган эди.

У тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши ҳақида мисол келтирган эди: «Бу етарлича жиддий муаммо. Жарималар одамларнинг чўнтаги кўтара оладиган даражада бўлмаслиги керак, уларнинг мақсади бошқа. Тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши ижтимоий хавфли ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Чунки ўз машинаси билан автобуснинг бекатга келадиган йўлини эгаллаган бир киши битта автобусдаги 100 нафар йўловчининг мобиллигини пасайтиради. Автобуслар эса бир нечта бўлиши мумкин».

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили, доктор Лианн Куппенс нашримизга берган интервьюсида: «Гарчи бу ҳақда гапириш ёқимсиз бўлса да, кичик жарималар ёрдам бермайди. Жарима одамларни ҳайратда қолдириши керак: „мен буза олмайман“ деб. Одамларнинг хулқ-атвори шунда ўзгаради», — деган эди у.