Ўзбекистон Адлия вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинган қонун лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди. Вазирлик хабарида қайд этилишича, ўзгартишлар илғор хорижий тажриба ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128−1-моддасида ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан қулоқчин ва бошқа қўлни ишлатмаган ҳолда мулоқот олиб бориш мумкин бўлган воситалар орқали фойдаланишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда. Мос равишда, жаримадан кейин бир йил давомида телефондан такроран фойдаланганлик учун жавобгарлик бекор қилинади.

Ҳужжат лойиҳасига тушунтириш хатида қайд этилишича, бугунги кунда барча замонавий транспорт воситалари ишлаб чиқувчи томонидан қўлни банд қилмайдиган ва ҳаракатланишга халақит бермайдиган техник алоқа воситалари билан жиҳозланмоқа. АҚШ, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Польша ва бошқа ривожланган давлатларда транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг bluetoothдан фойдаланишига рухсат берилган.

Ўзбекистон қонунчилигида ҳайдовчилар телефон bluetooth ва қўлни банд қилмайдиган бошқа воситалар орқали фойланиши мумкин эмаслиги аниқ белгиланмаган бўлсада, амалиётда ҳайдовчилар телефондан фойдаланишни тақиқловчи умумий нормага асосан жавобгарликка тортилмоқда.

Биргина 2020 йилда МЖТКнинг 128−1-моддаси билан жами 36 дан зиёд шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Кодекснинг 128−2-моддасига киритилиши таклиф этилаётган бошқа бир ўзгартишга кўра, транспорт воситасининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатганлик учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Транспорт воситасини бошқариш вақтида теле ва видеодастурларни томоша қилиш мақсадида салоннинг олд қисмига ўрнатилган монитордан (дисплей) фойдаланганлик учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдоридаги жарима сақлаб қолинади.

Лойиҳа ташаббускорларининг тушунтириш беришича, ҳозирги кунда ахборот-коммуникация технологиялари ривожланганлиги сабабли, ҳайдовчилар манзилга аниқ бориш учун мониторда (дисплейда) GPS-навигациясидан фойдаланиши мумкин (масалан, такси хизмати ёки ҳайдовчига нотаниш манзилга бориш учун). Шунингдек, амалдаги қоидаларда ҳайдовчилар мониторда (дисплейда) GPS-навигациясидан фойдаланишига тақиқ ёки жавобгарлик ўрнатилмаган. Бироқ, юқорида кўрсатилган мақсадларда монитордан (дисплейдан) фойдаланиш учун, ҳайдовчилар томонидан мониторни (дисплейни) транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўрнатиш жавобгарликка тортилишига асос бўлади.

МЖТКнинг 135-моддаси янги таҳририда ҳайдовчиларга, агарда уларнинг Ўзбекистонда берилган биометрик паспорти ёки идентификация ID-картаси ёнида бўлса, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги ҳужжат, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини ёнида олиб юрмаслик ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.

ЙҲХББ ходимлари мазкур ҳужжатларнинг мавжудлигини ҳайдовчини тўхтатган жойда электрон тизим орқали текширади. Мазкур янгиликни амалиётга татбиқ этиш учун Ички ишлар вазирлигига 2021 йил 1 декабрига қадар зарур маълумотлар базаларини интеграция қилиш бўйича барча ишларни якунига етказиш топширилмоқда.

Қонун лойиҳасига тушунтириш хатида қайд этилишича, «Mening fikrim» веб-порталига жойлаштирилган транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг мавжудлигини рақамли технологиялар (планшет) воситасида аниқлаш ва ушбу ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмаганлиги учун жавобгарликка тортиш амалиётини бекор қилиш таклифи порталда 10 мингдан ортиқ фуқароларни қўллаб-қувватловчи овозини тўплаган.

Кодекснинг 128−3-моддасида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборганда тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар қайд этган тезликдан соатига 5 километр айириб ташлаб ҳисоблаш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, 135−1-моддадаги суғурта полисларида назарда тутилмаган фойдаланиш даврида транспорт воситаларини бошқариш ҳамда фақат мазкур суғурта полисларида кўрсатилган ҳайдовчилар айни шу транспорт воситаларини бошқариши тўғрисида мазкур суғурта полисларида назарда тутилган шартларни бузган ҳолда транспорт воситаларини бошқарганлик учун жарима миқдорини БҲМнинг 1 бараваридан 0,5 барварига тушириш таклиф қилинмоқда. Лойиҳа муаллифларининг қайд этишича, ушбу модда санкцияси МЖТКнинг 3-моддасида белгиланган инсонпарварлик принципига тўлиқ мувофиқ эмас. Яъни, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак. Аммо, мазкур модда санкцияларидаги жарима миқдорлари янги ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо миқдоридан ортиқдир.

Қонун лойиҳаси муҳокамасида иштирок этиш: https://regulation.gov.uz/uz/d/48571