Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди судья Темур Ҳасановнинг 4 августдаги қароридан келиб чиқиб, пойтахтда беш нафар талабанинг ўлими юзасидан ҳукм чиқарди.

Беш талаба шу йилнинг 27 февраль куни соат 20:10 атрофида Фирдавсий маҳалласининг Инжобод кўчасида ижарада яшаган уйда ўлик ҳолда топилган эди. Уларнинг ҳаммаси Андижон вилоятидан бўлган:

  • Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) иккинчи босқич талабаси Мавлонбек Усмонов (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
  • ТАТУ иккинчи босқич талабаси Раҳматуллоҳ Солиев (1998 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
  • ТАТУ иккинчи босқич талабаси Давронбек Ғофуров. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшаган);
  • Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг иккинчи босқич талабаси Оятулло Ибрагимов (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
  • Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биринчи босқич талабаси Сардор Ҳакимжонов (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшаган).

Жиноий иш Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига олиб келса) билан қўзғатилган, бироқ кейинчалик 102-модданинг 2-қисмига (эҳтиётсизлик орқасида икки ва ундан ортиқ одам ўлдириш — икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) қайта малакаланган.

Иш бўйича Тошкент шаҳрида яшовчи Г. М. (1964 йилда туғилган) судланган. Суд қарорида айтилишича, у уч хонали уйнинг қўшимча қисмини беш талабага ижарага берган (жами уйда тўртта хона бор эди). Бироқ расмий ижара шартномаси тузилмаган.

Бундан ташқари, фожиа арафасида «Ҳудудгаз Пойтахт» Юнусобод филиали ходимлари автоном газли сув иситгичини (АГВ) текширишган ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан ишлатилаётганини қайд этишган. Шунингдек, улар иситиш печи дудбуронининг носозлиги ҳақида хабар беришган ва буғ қозонини «Ҳудудгаз» ходимлари витяжка созлигини текширгандан кейингина газ тармоғига улаш кераклиги бўйича огоҳлантиришган.

Шунга қарамасдан, кейинги куни Г. М. талабаларга гўёки газ хизмати ходимлари билан телефонда гаплашгани ва улар оғзаки равишда ўзлари иситиш печи дудбуронини созлашлари мумкинлигини айтганини маълум қилган.

2021 йил 15 мартда ўтказилган кенг қамровли экспертиза якуний хулосасига кўра, барча талабаларнинг танасида 55% дан 73% гача карбоксигемоглобин топилган, уларнинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш келтириб чиқарган ўткир нафас олиш ва юрак-қон томир етишмовчилиги туфайли содир бўлган.

Суд мажлисида аёл ўз айбини тан олмади ва суддан уни оқлашни сўради.

Судья Г. М.ни Жиноят кодексининг 102-моддаси 3 -қисми (эҳтиётсизлик орқасида икки ва ундан ортиқ одам ўлдириш) билан айбдор деб топди ва унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Аёлга 20:00 дан 7:00 гача уйдан чиқиш, назорат органининг рухсатисиз яшаш манзилини ўзгартириш, кафе ва барларга ташриф буюриш, Тошкент вилояти ҳудудидан чиқиб кетиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш тақиқланди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу фавқулодда вазиятдан кейин бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев талабаларнинг яшаш шароитлари ва ҳаракатини мониторинг қилишга бағишланган йиғилиш ўтказган эди. Ижарага олинган уйларда яшаётган талабаларнинг яшаш шароитларини ўрганиш учун ҳар бир ҳудудда ишчи гуруҳлар тузилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Апрель ойида президент бошчилигидаги видеоселектор йиғилишида 130 мингдан ортиқ университет талабалари ижарага олинган квартираларда яшаётгани қайд этилди. Бу масалани ҳал қилиш учун ҳукумат ижара ҳақининг ярми давлат томонидан қоплашни назарда тутувчи дастур тайёрламоқда, деди Шавкат Мирзиёев.