27 февраль куни соат 20:50 ларда Юнусобод тумани, Инжобод кўчаси, 61-уйда ижарада яшаб келган ТАТУ 2-босқич талабалари М.У., Р.С., Д.Ғ. ва Сингапур институти 2-босқич талабаси О.И. ҳамда «Инха» университети 1-босқич талабаси С. Х., ларнинг мурдаси номаълум моддадан ўткир заҳарланиш аломатлари билан топилган эди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) аломатлари билан иш очилган эди. Талабаларнинг айнан нима сабабдан вафот этгани дастлабки даврда уларнинг яқин қариндошларига ҳам маълум қилинмаган эди.

Юнусободдаги мазкур фожеа юзасидан «Daryo» нашри тафсилотларни очиқлашни сўраб Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди.

Хабарга кўра, воқеа жойидан олинган озиқ-овқат маҳсулотлари Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик хизмати томонидан текширишдан ўтказилган. Хонадон эгаси Г. М. вафот этганлар билан бирга ижарада яшаган Н.A. «Бунёдкор-дудбўрон хавфсизлиги» компаниясининг дудбўронлар печка устаси З.Х. батафсил сўроқ қилинган.

Бундан ташқари, 26 февраль куни соат 22:00 дан 27 февраль куни соат 9:00 оралиғида Инжобод кўчасидаги уйга қандай кучланишда табиий газ юборилгани ва одатий кунда табиий газ кучланишининг миқдори ҳақида «Ҳудудгазпойтахт» дан ҳамда Гидрометеорологик хизматидан шу вақт оралиғида бўлган об-ҳаво маълумотлари олинган.

Маълумотга асосан, бешала йигитнинг бари «ис газидан ўткир заҳарланиш натижасидаги ўткир нафас ва юрак қон томирлари етишмовчилиги» оқибатида вафот этган. Бу Республика суд тиббиёт экпертиза илмий-амалий марказининг 15-мартдаги якуний хулосалари билан тасдиқланган.