Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида талабалар яшаш шароити ва ҳаракатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш масаласида фавқулодда видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Муҳокама жараёнида олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, декан, шунингдек, ёшлар бўйича етакчилари томонидан талабаларнинг яшаш шароитларини таҳлил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги танқид қилинди. Хусусан, талабалар ижарада қаерда яшамоқда, кимникида турибди, яшаш шароити қандай, дарсдан кейин нима иш билан машғул бўлади, бўш вақтини қандай ўтказади, бу талабаларнинг ўқиш жараёнига қандай таъсир кўрсатмоқда каби жиддий масалалар кўриб чиқилди. Айниқса, масъуллар томонидан талабаларнинг хусусий уй-жойларда яшаш шароитлари билан бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилмаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Талабалар томонидан ижарага олинаётган хонадонларнинг ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, талабаларда бирламчи ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик бўйича билимларининг етарли эмаслиги натижасида турли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда.

Муҳокама мажлисида ижарада турадиган талабаларнинг ва ижара берувчи фуқаролар ўртасида муносабатни шаффофлаштириш, ижара учун берилган уй-жойларнинг ҳолати, ота-оналар ва талабалар учун ижара учун бериладиган уй-жойлар тўғрисида ягона ахборот тизимини яратиш каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Муҳокама натижасида қуйидагиларни амалга оширишга келишиб олинди:

  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Талабалар яшаш шароити ва харакатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш» юзасидан қўшма қарорини қабул қилиш;
  • қўшма қарорда ҳар бир ҳудудда Ишчи гуруҳ тузиб, ижарада ва яқин қариндошиникида яшаётган талабалар бўйича ўрганиш тизимини жорий қилиш;
  • ҳар бир ҳудуд кесимида талабалар турар жойлари ва ижарадаги талабаларнинг яшаш шароити ва турар жойи ҳолатини, айниқса ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик талабларига мос келишини тўлиқ танқидий ва таҳлилий ўрганиш;
  • олий таълим муассасалари проректорларининг лавозим вазифаларини қайта кўриб чиқиб, уларнинг талабалар турар жойи ва ижарада яшайдиган талабалар билан ишлаш тизимини яратиш;
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари билан биргаликда ҳар бир талабалар турар жойидаги ёнғин хавфсизлиги ва бошқа техник хавфсизлик масалаларини ўрганиб чиқиш;
  • талабаларга бирламчи ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик масалалари бўйича етарли тушунтиришлар бериш;
  • ижарада турадиган талабалар билан гуруҳ мураббийлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла масъуллари томонидан ҳамкорликда олиб бориладиган профилактик тадбирлар қамрови ва сифатини ошириш;
  • вилоят марказларига ёки Тошкент шаҳрига узоқ туманлар ва бошқа вилоятлардан олий таълим муассасасига ўқишга келиб, ижарада турадиган талабаларни вақтинчалик рўйхатга олиш механизмини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
  • олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган талабаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, талабалар турар жойларини қуриш юзасидан ишлаб чиқилган манзилли дастурни такомиллаштириш.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Талабалар яшаш шароити ва харакатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш» юзасидан қўшма қарорга мувофиқ тузилган Ишчи гуруҳлар жорий йилнинг 1 мартидан ўз фаолиятини бошлайди.

Мазкур масала ҳар ҳафта Вазирлар Маҳкамаси томонидан назорат ва таҳлил қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, 27 февраль куни Тошкентда беш нафар талабанинг номаълум моддадан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинган эди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ёшлар бандлиги ва уларнинг ҳордиғини ташкил этишга бағишланган йиғилишда Ўзбекистонда 2021−2023 йилларда «Талабалар уйлари» ташкил этиш дастури ишлаб чиқилиши ҳақида маълум қилгани тўғрисида хабар берилган эди.