Суданда давлат тўнтаришига уриниш муваффақиятсиз тугади

Зирҳли кучларнинг бир гуруҳ зобитлари маҳаллий вақт билан соат 03:00 атрофида қўзғолон кўтариб, Судандаги ҳокимиятни эгаллаб олишга ҳаракат қилишди. Маълумотларга кўра, ҳаво-десант ҳарбийлари ва муҳандис қўшинлари ҳам фитначиларга қўшилган. Қўзғолончилар гуруҳига генерал-майор Aбдел Баки Бакрауи раҳбарлик қилган. Шунингдек, уларнинг барчаси «Мусулмон биродарлар» исломий уюшмаси билан боғлиқлиги қайд этилди.

Мамлакат ҳукумати президиуми баёнотига кўра, хавфсизлик кучлари ва ҳарбийлар тўнтаришнинг олдини олишган, бунда иштирок этганларнинг барчаси ҳибсга олиниб, улар билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жами бўлиб 60 киши ҳибсга олинди. Улар орасида 40 нафар зобит, 18 нафар аскар ва икки нафар фуқаро бор.

Вазирлар Маҳкамасининг расмий вакили, маданият ва ахборот вазири Ҳамза Балюлнинг таъкидлашича, фитна уюштирганлар мамлакатнинг собиқ президенти Умар ал-Башир режими билан боғлиқ. — ТАСС.


Aфғонистон муваққат ҳукуматида янги тайинловлар эълон қилинди

«Толибон» ҳаракати Афғонистон муваққат ҳукуматига янги тайинловларни эълон қилди. Ҳаракат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳидга кўра, «Толибон» раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзод Панжшир вилоятидан тадбиркор Ҳожи Нуриддин Aзизини савдо вазири вазифасини бажарувчи қилиб тайинлаган. Унинг биринчи ўринбосари Баглан вилоятидан тадбиркор Ҳожи Муҳаммад Башир бўлди. Савдо вазирининг иккинчи ўринбосари этиб Сари-Пул вилоятидан тадбиркор Ҳожи Муҳаммад Aзим Султонзода тайинланди.

Шундай қилиб, толиблар ўз ҳукуматига нафақат пуштунларни, балки этник озчилик вакилларини ҳам киритишга тайёр эканликларини намойиш этмоқда, деб ёзмоқда Интерфакс.

Бундан ташқари, «Толибон» раҳбарининг фармони билан Қаландар Ибоднинг зиммасига соғлиқни сақлаш вазири лавозими юклатилди, унинг ўринбосарлари ҳам тайинланди. Шу билан бирга, ички ишлар, мудофаа, энергетика, табиий офатларни бошқариш, чегаралар, қочқинлар ишлари, Олий таълим вазирлигининг касбий фаолияти бўйича вазирлар ўринбосарлари тайинланди. Миллий олимпия қўмитаси ва Марказий статистика бошқармасига ҳам раҳбарлар тайинланди.

7 сентябрь куни «Толибон» Афғонистоннинг вақтинчалик ҳукумати таркибини эълон қилган эди.


Қозоғистон 2023 йилдан бошлаб янги телефон кодига ўтади

Қозоғистон ҳукумати янги халқаро рақамли +997 кодига ўтишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда мамлакат рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Багдат Мусин маълум қилди. «БМТ қошидаги Халқаро электралоқа иттифоқи Қозоғистон учун +997 янги DEF-кодини белгилади», — деб ёзди Мусин Facebook’даги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда ва янги телефон кодига ўтиш чоралари кўрилмоқда. «Қозоғистон 2023 йил январидан янги миллий кодга ўтади. Шу билан бирга, топшириқ берилган пайтдан бошлаб, янги ва эски кодлар икки йил давомида параллел равишда ишлатилиши мумкин. Тўлиқ ўтиш 2025 йилдан кутилмоқда», — дейилади вазирлик матбуот хизматида.

Ҳозирда Қозоғистон Россия билан биргаликда +7 халқаро кодли тўрт даражали рақамлаш режасидан фойдаланади.


Ливия парламенти Aбдел Ҳамид Дбейба ҳукуматига ишончсизлик вотумини билдирди

«Спикер Aкила Солиҳ ва унинг икки ўринбосари иштирокидаги ёпиқ йиғилишда 113 нафар депутатдан 89 нафари Aбдел Ҳамид Дбейбанинг миллий бирлик ҳукуматини ишонч вотумидан маҳрум қилиш учун овоз берди», дея айтилмоқда хабарда.

Aбдел Ҳамид Дбейба шу йилнинг февраль ойида Швейцарияда бўлиб ўтган Сиёсий мулоқот форумида сайланган эди. Унинг вазифаси Президент кенгаши билан биргаликда декабрь ойининг охирига белгиланган парламент ва президент сайловларига тайёргарлик кўриш бўлган. Парламентнинг бундай қарори эса, мамлакат ҳокимиятининг фаолиятини чеклаб, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнин тўхтатиб қўйди.

Шунингдек:

Ливан парламенти бош вазир Нажиб Микати бошчилигидаги Миллий қутқарув ҳукуматига ишонч вотумини билдирди. 85 нафар қонунчи янги ҳукуматга ишонч билдириш учун овоз берди, 15 нафари қарши чиқди.

Янги ҳукумат маъмурият, банк, солиқ ва суд тизимини ислоҳ қилиши, шунингдек, молиявий ёрдам тўплами бўйича Халқаро валюта жамғармаси билан музокараларни қайта бошлаши керак бўлади.

65 ёшли сиёсатчи ва тадбиркор Нажиб Микати икки марта Ливан ҳукуматига раҳбарлик қилган: 2005 йилда собиқ бош вазир Рафиқ Ҳаририй ўлдирилганидан кейин кескин сиёсий қарама-қаршиликлар даврида ва 2011−2014 йилларда қўшни Суриядаги инқироз пайтида.

Аввалроқ, Ливанда 13 ой ўтгач янги ҳукумат тузилгани ҳақида хабар берилган эди.


Шунингдек:

  • Россия Давлат думасига ўтказилган сайловлар якунлари бўйича «Единая Россия», КПРФ, ЛДПР, «Справедливая Россия» ва «Новые люди» етакчи бўлди. Тўққизта маъмурий бирликда ҳам ҳудуд раҳбарлигига сайловлар бўлиб ўтди, аксарият сайланган губернаторлар ҳукмрон партия вакиллари ҳисобланади.
  • «Толибон» ўрта таълимдаги қизларнинг мактабга боришини чеклади. Кобулда давлат хизматида ишловчи аёлларга ишга чиқиш тақиқланиб, фақат айрим касб эгаларига ишлашга рухсат берилди. «Толибон» расмийлари бу ҳолатларни «хавфсизлик нуқтаи назаридан» дея изоҳламоқда. «Касбим бўлмаса, ўқишимга рухсат беришмаса, хавфсизликнинг мен учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бу хавфсизлик фақат «Толибон»га керак», — дейди тиббиёт соҳасида таълим олувчи афғон қизи. «Толибон» матбуот хизмати вакили ҳукуматда аёлларга зарурат йўқлигини, уларнинг вазифаси болаларни дунёга келтириш ва тарбиялаш эканлигини таъкидлади.
  • Канада бош вазири Жастин Трюдонинг ҳукмрон Либерал партияси душанба куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида ғалаба қозонди.