«Единая Россия» («Ягона Россия) партияси 19 сентябрь куни бўлиб ўтган РФ Давлат Думасига сайловларда 49,82 фоиз овоз билан етакчига айланди, деб хабар берди РИА Новости.

Иккинчи ўринни 19 фоиз овоз билан РФ Коммунистик партияси (КПРФ), сўнгра 7,49 фоиз овоз билан Либерал-демократик партияси (ЛДПР) эгаллади.

Дастлабки маълумотларга кўра, етакчи бешликдан «Справедливая Россия — за правду» («Адолатли Россия — ҳақиқат учун») — 7,42 фоиз ва «Новые люди» («Янги одамлар») — 5,35 фоиз билан ўрин олди.

«Единая Россия»дан кўрсатилган номзодлар Давлат Думасига сайловларда 199 та ўрин билан биринчиликни сақлаб қолди. Шунингдек, КПРФ аъзолари — 9 та, «Справедливая Россия» — 8 та ўринга эга бўлди.

РФ Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, ЛДПР, «Родина» («Ватан»), «Гражданская платформа» («Фуқаролик платформаси») ва «Партия Роста» («Ўсиш партияси») биттадан депутатлик ўрнини қўлга киритди.

Мустақил номзодлар эса жами бешта ўринга эга бўлди.

17−19 сентябрь кунлари Россиянинг тўққизта субъектида тўғридан-тўғри губернаторлар сайлови ўтказилди. 39 даъвогар орасида 10 та сиёсий партия вакили ва 1 та мустақил номзод бор эди. Қонун бўйича, номзод ғалаба қозониши учун 50% дан ортиқ овоз олиши керак.

«Единая Россия» вакиллари 9 вилоятнинг 6тасида ғолиб бўлишди: Рамзан Кадиров — Чеченистонда (99,7%), Владислав Ховалиг — Тивада (72,4%), Вячеслав Гладков — Белгород вилоятида (78,79%), Артём Здунов — Мордовияда (78,26%), Олег Мелниченко — Пенза вилоятида (72,38%) ва Игор Руденя — Твер вилоятида (52,33%). Тула вилоятида мустақил номзод Алексей Дюмин (83,58%), Уляновск вилоятида — РФКПдан Алексей Русских (83,16%), Хабаровск ўлкасида — ЛДПР номзоди (56,77%) ғолиб бўлди.