Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистоннинг хорижий банклардаги давлат активларини қайтаришни таклиф қилди. Бу ҳақда у 17 сентябрь куни Душанбеда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида маълум қилди.

Давлат раҳбарининг фикрича, бу чора кенг кўламли гуманитар инқирознинг олдини олиб, қочқинлар оқимининг кўпайишига чек қўяди, шунингдек, мамлакатга ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради.

Фото: президент матбуот хизмати

Музлатилган активлар ҳақида нималар маълум?

The Washington Post (WP) газетаси 17 август куни манбаларига таяниб, АҚШ президети Жо Байден маъмурияти Афғонистон ҳукуматининг Америка банк ҳисобларида сақланаётган захираларни музлатганини маълум қилган эди. Бундан ташқари, АҚШ долларлар толиблар қўлига тушмаслиги учун Афғонистонга катта миыдорда доллар етказишни тақиқлагани қайд этилди.

Мазкур қарор молия вазии Жанет Йеллен ва Хорижий активлар устидан назорат бошқармаси ходимлари томонидан қабул қилинган бўлиб, унинг муҳокамаларида Давлат департаменти қатнашган, Оқ уй эса «ҳодисаларнинг ривожланишини кузатиб борган», дея маълум қилди нашр суҳбатдоши.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, апрель ҳолатида Афғонистон Марказий банки 9,4 миллиард долларлик захира активларига эга бўлган, бу мамлакатнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг учдан бир қисмига тўғри келади. Захираларнинг аксарияти ҳозирда Афғонистондан ташқарида, дейди WP манбаларидан бири.

Мамлакатдан қочган Афғонистон Марказий банки бошқарувчиси в. б. Ажмал Аҳмадий «Твиттер»да тасдиқлаганидек, Марказий банк раҳбари сифатида у мамлакатга Америка валютасини етказиб бериш тўхтатилганлиги тўғрисида хабарнома олган ва бу ҳақда президент Ашраф Ғанига маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистон Марказий банкининг деярли барча захиралари чет элда жойлашган ва улар қарийб 9 миллиард долларни ташкил қилади. Энг катта қисми — 7 миллиард доллар — Федерал захира тизими (Марказий банк ваколатларини бажаради) ҳисобларида. Улардан 3,1 миллиард доллари АҚШ ҳукумати облигацияларига тикилган, 2,1 миллиард доллари Жаҳон банкининг Маслаҳат хизматлари ва захираларни бошқариш дастуридаги (RAMP) активлар, 1,2 миллиард доллари олтин ва атиги 300 минг доллари нақд пул шаклида. Яна 1,3 миллиард доллар халқаро ҳисобларда сақланган.

Афғонистон Марказий банки директорлар кенгаши катта аъзоси ва ҳозирда АҚШда яшаётган Шоҳ Меҳраби 8 сентябр куни Bloomberg агентлигига берган интервьюсида Жо Байден маъмуриятининг захираларни музлатиш тўғрисидаги қарори Афғонистон ҳукуматининг ликвидлигини йўқотишига, банкларнинг ёпилишига ва мамлакатнинг янада қашшоқлашишига олиб келишини таъкидлади.

«Президент Байден [шу тарзда] „Толибон“ ёки ҳозирги режимга зарар етказмайди. Бу оддий афғонларга зарар келтиради ва уларни янада қашшоқликка олиб келади», — деди у.

Шаҳ Меҳраби АҚШга ҳафтада 150 миллион долларгача маблағ ажратишни таклиф қилди, шунда Марказий банк банклар ликвидлигини ошириш ва инфляциянинг кескин ўсишини тўхтатиш учун пул бозорида аукцион ўтказиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан бери Афғонистон пул бирлиги 10−15 фоизга арзонлашган, нархлар эса 20−25 фоизга ошган.

Бундан ташқари, 23 август куни Жаҳон банки ҳам Афғонистондаги лойиҳаларини молиялаштиришни вақтинча тўхтатди. Жаҳон банки Афғонистонга 2002 йилдан бери 5,3 млрд доллар тақдим этди, дея гувоҳлик бермоқда ташкилот сайтидаги маълумотлар. Молиялаштириш тўхтатилган вақтга қадар мамлакатда қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 27 та фаол лойиҳага маблағ йўналтирилга. Лойиҳалар, хусусан, Афғонистонда қишлоқ хўжалиги ва тўлов тизимини ривожлантириш билан боғлиқ.

Нақд пул олишга қўйилган чеклов

Фото: Anadolu АА

15 август куни «Толибон» Кобулни эгаллаб олганидан сўнг, банклар бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида ёпиқ турди. Улар қайта очилганда, кунига 20000 афғонигача (200 доллар) нақд пул олиш чеклови қўйилди. Одамлар банкларда соатлаб навбатда турмоқда, чунки Кобулда атиги бир нечта банкомат фаолият кўрсатмоқда.

«Толибон» даврида афғон валютасининг бозор курси анча пасайди. «Синхуа» хабарига кўра, 4 сентябрда бир долларга 89 га яқин афғони, август ўрталарида «Толибон» Кобулни эгаллашидан олдин — 79 афғони берилган.

Аввалроқ «Газета.uz» Афғонистон иқтисодиёти нимадан ташкил топгани ва Ўзбекистон ушбу мамлакатга нималарни етказиб бераётгани ҳақида ёзган эди.