17 сентябрь куни Душанбедаги ШҲТ давлат раҳбарлари саммитида маъруза қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чет элдаги афғон активларини музлатишни тўхтатишни таклиф қилди.

«Бугун ушбу мамлакатда янги реаллик вужудга келди. Ҳокимият тепасига янги кучлар келди. Бу юз берган факт. Шу муносабат билан, Афғонистондаги вазият бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда мамлакатнинг янги ҳокимияти билан мулоқотни ривожлантириш лозим», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламлари иштирок этиши кераклигини таъкидлади.

«Экстремизм ва радикал мафкураларнинг эҳтимолий ўсиши, Афғонистон ҳудудидан қўшни мамлакатларда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишнинг олдини олиш керак», — деди Ўзбекистон президенти.

Шунидан сўнг, у чет эл банкларидаги Афғонистон активларини музлатишни тўхтатишни таклиф қилди. Ўзбекистон президентининг фикрича, бу Афғонистондаги гуманитар инқироз ва қочқинлар оқими ошишининг олдин олишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ШҲТ-Афғонистон форматида олий даражадаги учрашувларни ўтказишни таклиф қилди.

«Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ушбу мамлакатдаги сиёсий масалаларни кенг муҳокама қилиш учун ШҲТ-Афғонистон форматида юқори даражадаги учрашувларни доимий ўтказишни таклиф қиламиз. Кузатувчи-давлатлар ва мулоқот бўйича ҳамкорларни жалб этган ҳолда. Шундай учрашувлардан биринчисини Тошкентда ташкиллаштиришга тайёрмиз», — деди давлат раҳбари.