«Толибон» ҳаракати Афғонистонда ўз назоратини ўрнатар экан, унга собиқ ҳукуматдан ҳокимият билан биргаликда узоқ йиллик муттасил ҳарбий зиддиятлар натижасида импортга қаттиқ боғланиб қолган 20 млрд долларлик иқтисодиёт мерос қолди. Афғонистон иқтисодиёти қандай қурилганлиги ҳақида «Газета.uz» мақоласида.

Халқаро ҳамжамиятнинг кўмаги билан Афғонистон 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида жадал иқтисодий ўсишни сақлаб қолди ва муҳим ижтимоий кўрсаткичларни яхшилашга эришди. 2003 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасининг жадал ўсиб бориши иқтисодиётнинг йиллик ўртача 9,4% га кенгайишига хизмат қилган. Бироқ Жаҳон банки берган маълумотларга кўра, 2015 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда йиллик ўртача иқтисодий ўсиш бор-йўғи 2,5% ни ташкил этган.

Афғонистон иқтисодиёти

Кўрсаткичлар
2018
2019
2020
ЯИМ (млрд доллар)
18,4
19,3
20,0
ЯИМда қишлоқ хўжалигининг улуши (%)
25,2%
28,5%
30,6%
ЯИМда саноатнинг улуши (%)
12,2%
12,3%
12,0%
ЯИМда хизматлар соҳасининг улуши (%)
57,5%
54,6%
53,0%
ЯИМнинг реал ўсиши (%)
1,2%
3,9%
-1,9%
Аҳоли жон бошига ЯИМ (доллар)
493,8
507,1
512,7
Аҳолиси (млн киши)
37,2
38,0
39,8

Экспорт (млн доллар)
875
864
777
Импорт (млн доллар)
6596
6158
5880

Манба: Афғонистон Статистика миллий бошқармаси

2020 йилда Афғонистон ЯИМи, COVID-19 пандемиясига боғлиқ равишда, Осиё тараққиёт банки ҳисоб-китобларига кўра 5% га, Афғонистон Статистика миллий бошқармаси ҳисоб-китобларига қараганда эса 1,9% га қисқарган.

Жаҳон банки маълумотларига қараганда, 2020 йилда Афғонистон иқтисодиёти ҳажми жорий нархларда 20 млрд АҚШ долларига тенг бўлган, мамлакат аҳолиси 38,9 млн кишини ташкил этган.

Аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича Афғонистон сайёрадаги энг қашшоқ мамлакатлар қаторига киради — 512,7 доллар, бу Ўзбекистондаги кўрсаткич — 1685,8 доллардан 3 баравар камроқ дегани. Расмий манбаларга кўра, мамлакат ЯИМининг 30,6% қисми қишлоқ хўжалиги, 12% қисми — саноат ишлаб чиқариши ва 53% қисми хизматлар соҳаси ҳиссасига тўғри келади.

«Хусусий сектор ҳажми жуда кичик ва бандлик асосан самарадорлиги паст бўлган аграр соҳага йўналтирилган (жами ишчи кучининг 45,7% қисми қишлоқ хўжалигида банд)», — деб ёзади Жаҳон банки.

Узоқ йиллик муттасил ҳарбий зиддиятлар натижасида мамлакат иқтисодиёти импортга қаттиқ боғланиб қолган. 2020 йилда Афғонистоннинг ташқи бозордан товар ва маҳсулотлар харидлари жами 6,5 млрд доллардан ортиқни (Афғонистоннинг расмий маълумотларига кўра, 5,8 млрд доллар) ташкил этган, экспорт ҳажми эса импортдан 8,5 баробар кичик — йилига бор-йўғи 776,7 млн (777 млн доллар).

Афғонистон асосан қуритилган мевалар, доривор ўтлар, фойдали қазилмалар, сабзавотлар, жун, пахта ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилади.


Фото: Stefanie Glinski / TNH

Афюн

Жаҳон банки берган маълумотларга кўра, ноқонуний афюн савдоси афғон иқтисодиётида ҳанузгача марказий ўринни эгаллайди. 119 минггача бўлган афғонлар афюн иқтисодиётида банд. Афюн маҳсулотларининг ички истеъмоли, ишлаб чиқариши ва экспортидан олинадиган даромад 2019 йилда 1,2 млрд доллардан 2,1 млрд долларгача баҳоланган (ЯИМнинг 7−11% қисми).

Турмуш кечириш учун муқобил даромад манбаларининг мавжуд эмаслиги, қонун устуворлигининг заифлиги ва асосий савдо маршрутларига кириш осонлиги афюн иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланади. Афғон иқтисодиётида ноқонуний фаолият, шу жумладан афюн етиштириш ва ноқонуний савдоси асосий ўрин эгаллаганлиги умумий бошқарувни заифлаштиради ва ҳукуматни зарур даромад манбаларидан маҳрум қилади.

2019 йилда афюн нархи рекорд даражада пастлади (2018 йилдаги нархидан 33% арзонроқ). Ўз навбатида, кўкнори экиладиган майдонлар 38% га қисқарди — бу 2013 йилдан бери кузатилган энг паст даража. Афюн етиштиришнинг қисқариши натижасида қишлоқ жойларда қашшоқлик даражасининг сезиларли ўсиши эмас, балки бошқа турдаги экинлар экишга диверсификация қилиш потенциали ошганлиги кузатилди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, аввалги йиллардаги бозор шароитининг қулайлиги афюн етиштирувчи уй хўжаликларига ўз активлари ва жамғармаларини йиғиш имконини берган.

Халқаро ёрдам


Фото: The U.S. Army

Жаҳон банкининг қайд этишича, давлат институтлари ва мулк ҳуқуқининг кучсизлиги молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини чеклайди. Хусусий секторни кредитлаш ҳажми ЯИМнинг бор-йўғи 3% ини ташкил этади. Рақобатбардошликнинг кучсизлиги таркибий савдо тақчиллигига олиб келади (таркибий савдо тақчиллиги — мамлакат ўз эҳтиёжи учун зарур товар ва хизматларни ишлаб чиқариши учун ресурс ёки малакаларнинг етишмаслиги натижасида юзага келувчи товар ва хизматлар таклифининг кучсизлиги ҳолати). Бу тақчиллик ЯИМнинг тахминан 30% қисмига тенг бўлиб, деярли тўлиқ халқаро грантлар ҳисобига молиялаштирилади.

Грантлар, шунингдек, давлат харажатларининг 75% қисмини молиялаштиради. Мудофаа харажатлари (миллий хавфсизлик ва полиция) даромад даражаси паст бўлган давлатлар (ЯИМнинг тахминан 3% қисми) билан солиштирганда жуда юқори бўлиб, 2019 йилда ЯИМнинг тахминан 28% ини ташкил этган. Натижада ЯИМнинг 57% қисми жами давлат харажатлари ҳиссасига тўғри келган.

Халқаро ҳарбий контингентнинг бир неча баробарга қисқариши (2011 йил 130 минг нафардан 2020 йил тахминан 15 минг нафаргача) фонида Афғонистонга молиявий ёрдамларнинг оқими 2009 йилдаги ЯИМнинг 100% идан 2020 йилда ЯИМнинг 42,9% игача камайди. Грантларнинг камайиши хизматлар соҳасининг қисқариши ва кейинчалик меҳнат бозоридаги вазиятнинг ёмонлашувига олиб келди.

«Толибон» ҳаракати мамлакат ҳудудини эгаллай бошлагани ҳамда ҳарбий ва фуқаролик обектларига ҳужумларни амалга оширганидан кейин вазият янада ёмонлашди. Айни пайтда 2014 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони 10 минг нафардан ошиб кетди. Грантлар қисқариши ва хавфсизлик даражаси пасайишининг оқибатлари 2014 йилги президентлик сайловларининг баҳс-мунозарали натижаларидан кейин юзага келган сиёсий беқарорликни чуқурлаштириб юборди. Миллий бирлик ҳукуматининг ҳокимиятни тақсимлаш тўғрисидаги конституцияга зид келишув асосида шаклланиши административ бузилишларга олиб келди ва ислоҳотларнинг боришини секинлаштириб юборди.

Олдинроқ «Газета.uz» Ўзбекистоннинг Афғонистондаги иқтисодий лойиҳалари ва иккала мамлакат ўртасидаги савдо кўрсаткичлари ҳақида мақола эълон қилган эди.