18 июнь куни соат 13:10да Фарғона шаҳар, Оқарик кўчасида иккита автомашина иштирокида содир бўлган ЙТҲ икки машина эгаларининг катта жанжалига айланиб кетган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизматининг «Криминал» кўрсатувида хабар берилди.

Қайд этилишича, бир жойда кўришиб ўзаро орани очиқ қилиб олишга келишган икки тарафдан йигирмага яқин ёш йигитлар «Тараққиёт-2001» МЧЖ ҳовлисида тўпланган. Жанжал бошланган вақтда ҳодиса иштирокчилари вазиятдан хабардор бўлган Фарғона вилояти ИИБ ЖҚБ, ТВБСО, ДХХ ва Миллий гвардия бошқармаси ҳарбий қисми ҳамда Фарғона шаҳар бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Маълум қилинишича, воқеа жойидан кўплаб ўткир тиғли жисмлар, пичоқ ва қиличлар, тан жароҳати етказиши мумкин бўлган буюмлар, гиёҳвандлик воситалари олинган. Кўрилган чора тадбирлар натижасида ҳеч ким шикастланмаган. 8 нафар шахс процессуал тартибда ушланган, 9 нафар шахслар 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган.

Ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ТБ томонидан ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми «б» банди (ўқотар қуролни намойиш қилиб, уни қўллаш билан қўрқитиб ёки қўллаб безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ матбуот хизматининг хабар беришича, ўтган 7 ой давомида ИИО ходимлари томонидан олиб борилган профилактик ва тезкор тадбирлар натижасида совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган кўплаб буюмлар олинган. Жумладан 13 422 та пичоқ, 145 та кастет сурикен, 281 тўқмоқ бита, 330 та бошқа хавфли буюмларни олиб юрган шахслар аниқланган.

«Профилактик тадбирлар натижасида оғир оқибатга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олди олинмоқда», — дейилади хабарда.