Ўзбекистонда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) жойларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари лавозимлари жорий қилинади. Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, президентнинг 10 сентябрдаги фармонида бу ҳақда сўз боради.

Омбудсман минтақавий вакиллари, жумладан:

  • инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этади ва ўтказади;
  • фуқароларнинг шикоятларини қабул қилади ва кўриб чиқади, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашади.

Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ўзларининг фаолиятида бевосита Омбудсманга ҳисобдордир.

Фармонга кўра шунингдек, янги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Қонун (амалдаги таҳрири 2004 йилдан буён кучда) лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Июнь охирида Шавкат Мирзиёев қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги янги ҳужжатни имзолаган эди. Унда омбудсман ҳузурида қийноқларни аниқлаш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этиш кўзда тутилган.