Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуп Кабулжанов «Газета.uz»га афғонистонлик ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар Ўзбекистондан олиб чиқилганини тасдиқлади.

Аввалроқ Reuters агентлиги АҚШ ўтган якшанба куни афғон учувчиларини Ўзбекистондан олиб чиқишни бошлагани ҳақида хабар қилган эди.

«Aфғонистондаги сўнгги воқеалар туфайли бир гуруҳ собиқ ҳарбий хизматчилар ва Aфғонистон фуқаролари Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ва қўлга олинган эди. 12−13-сентябр кунлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча афғон фуқаролари бошқа мамлакатга эвакуация қилинди», — дея маълум қилди Юсуп Кабулжанов.

Эслатиб ўтамиз, қарийб бир ой муқаддам афғон учувчилари Афғонистон ҳаво кучларининг вертолёт ва самолётларида Ўзбекистонга учиб ўтган эди. 16 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси 585 қуролланган афғон ҳарбийлари бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт мамлакат ҳаво ҳудудини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақида хабар берди (кейинчалик хабар тўлиқ тасдиқланмаган дейилди). Ўшанда кузатиб бориш вақтида Ўзбекистоннинг МиГ-29 ва Афғонистоннинг Embraer 314 самолётлари тўқнашиб кетганди.

Август ойи охирида WSJ расмий шахсларга таяниб, Ўзбекистон ҳукумати АҚШни бир гуруҳ юқори малакали афғон учувчилари ва уларнинг оилаларини мамлакатдан чиқариб юборишга тўғри келаётганидан огоҳлантиргани ҳақида ёзган эди. Нашр буни «Толибон» август ойи ўртасида Ўзбекистонга учиб ўтган ҳарбий самолёт ва вертолётларни қайтаришни талаб қилаётгани билан боғлади.

WSJ 46 та ҳарбий самолёт ва вертолётлар, жумладан Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 ва Ми-17 тақдири номаълумлигича қолаётганини қайд этди.