БМТ Бош котиби ўринбосари, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи котиби Геда Вали ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда келишув Сенат раиси Танзила Нарбаева иштирокида Венадаги музокаралар доирасида қабул қилинди.

Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, гиёҳванд моддалар айланмаси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш музокараларнинг асосий мавзулари бўлди.

Ташриф доирасида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича 2022−2025 йилларга мўлжалланган янги минтақавий дастурини имзоланиши кутилмоқда. Мазкур дастурнинг амалга оширилиши одам савдоси, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ўрганиш, шунингдек, оила қадриятларини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари доирасида гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларининг салоҳиятини ошириш имконини беради, дейилади хабарда.

«Тошкентдаги БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий ваколатхонаси ташкилотнинг хориждаги энг йирик ваколатхонаси ҳисобланади. Бу эса Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз нақадар муҳимлигини кўрсатади», — деб таъкидлади Геда Вали.

У ҳукумат томонидан коррупцияга қарши курашиш, болалар ва тизимли мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам бериш, шунингдек, одам савдосига қарши курашиш борасидаги қабул қилинаётган «қатъий чораларни» қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Шунингдек, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси раҳбари Афғонистон атрофида юз бераётган воқеалар муносабати билан минтақавий хавфсизликни таъминлашда жуда муҳим роль ўйнайдиган идоралараро ва трансчегаравий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Сенат раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Вена шаҳрида Парламентлараро иттифоқ томонидан БМТ ва Австрия парламенти билан ҳамкорликда ташкил этилган Аёл спикерларнинг 13-саммити ва Парламентлар раҳбарларининг 5-бутунжаҳон конференциясида иштирок этмоқда.