Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурини эълон қила туриб, аслида одамлар кўтараётган муаммолар 5−10 баравар кўпроқ эканлигини таъкидлади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Халқимиз айтган муаммолардан 5−10 баравар кўпроқ муаммолар борлигини биламан. Аммо вазминлик, саросимага тушмасдан халқ берган ишончга муносиб бўлишга, уларни ҳал қилишга ҳаракат қиламан. Кимдан куч оламан? Болам деб бағрига оладиган халқим бор. Бетакрор Ватанимиз бор», — деди у.

У ўз сўзи давомида бу режалар маъруза эмаслигини, буни амалга ошириш ҳаётининг мазмуни эканлигини қайд этди.

«Сизларни ишонтирмоқчиман: йўлимиз аниқ. Халқимизга хизмат қиламиз. Ўзингиз кўриб турибсиз, бугунги халқимиз — кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам, кечаги Ўзбекистон эмас. Биз билан ҳамкорлик қилаётган дунё ҳам кечаги дунё эмас. Жонажон Ватанимиз ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига қадам қўяётган мана шу тарихий дамларда кўпмиллатли халқимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: сизлар билан бирга қанча мураккаб марра ва довонлардан ўтдик», — деди давлат раҳбари.

У шундай бўлса бу йўлда тўхтаб қолмаганини айтди. «Аммо ҳеч қачон ярим йўлда тўхтаб қолмадик. Баъзан толиққан ва чарчаган пайтларимиз ҳам бўлди. Лекин ҳеч қачон тушкунликка тушмадик. Келажакка, ёруғ кунларга ишончимизни асло йўқотмадик», — деди президент

«Бу ўзгаришлар — шунчаки оддий воқеалар эмас. Ҳар бири шонли тарихимизга олтин ҳарфлар билан ёзиладиган, келажак авлодлар миннатдор бўлиб эсга оладиган, буюк ўзгаришлардир. Бу ўзгаришларнинг ижодкори, бунёдкори ким? Албатта, кўпни кўрган, иродаси мустаҳкам, матонатли ва меҳр-оқибатли бағрикенг халқимиздир», — деди у.

У шундай буюк халқ фарзанди эканидан, чексиз фахрланишини таъкидлади.

«Барча ислоҳотларимизни доимо қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда ҳал қилувчи куч бўлиб келаётган, ўзини аямасдан қаҳрамонларча меҳнат қилаётган олижаноб халқимга, фарзандлик меҳри ва садоқати билан чин дилдан, таъзим қиламан», — деди Шавкат Мирзиёев.