2022 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Салкам бир ой давом этадиган ушбу мусобақа Яқин Шарқда ўтказиладиган тарихдаги илк жаҳон чемпионати бўлади. Шунингдек, футбол бўйича жаҳон чемпионати биринчи маротаба араб дунёсида ўтказилади.

Футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш бўйича Олий қўмитанинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Фатма ал-Наймининг айтишича, чемпионатни ўтказиш учун тайёргарлик давомида Қатар 2019 йил ҳолатига кўра 210 млрд доллардан ортиқроқ маблағ сарфлаган. Бу 2018 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати учун Россия томонидан сарфланган маблағлардан 18 баробар кўпроқ. Таъкидланишича, Қатар футбол тарихидаги энг қиммат эмас, балки энг юқори даражали жаҳон чемпионатини ташкиллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Энг аҳамиятли томони шундаки, футбол тарихида илк бор жаҳон чемпионати қиш фаслида ўтказилади. Ва ниҳоят, илк бор жаҳон чемпионати Европа чемпионатидан бир йил ўтгандан кейин ўтказилади. «Газета.uz» Қатар мамлакатининг 2022 йилда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига қандай тайёргарлик кўраётгани ва футбол мухлисларини нималар кутаётгани ҳақида батафсил маълумот беради.

Қатар қандай мамлакат?

Қатар аксарият мамлакатларга нисбатан кичик давлат ҳисобланади ва ер майдони бўйича дунёда 158-ўринда туради (11 586 км²). Солиштириш учун, Қатар Исроилдан икки марта, Хорватиядан 5 марта, Ўзбекистондан эса 40 марта кичикроқ. Мамлакат Арабистон яримороли шимоли-шарқидаги Қатар яриморолида жойлашган бўлиб, Саудия Арабистони ва БАА билан чегарадош ҳисобланади. Қатар чегарасининг катта қисми Форс қўлтиғи сувлари билан ювилади. Қатарда давлат тили — араб тили ҳисобланади, давлат дини — Ислом дини (суннийлик).

2019 йилги маълумотларга кўра, Қатарда 2 млн 638 минг киши истиқомат қилади. Бутун аҳолининг 90 фоизи айнан пойтахт — Доҳа шаҳрида яшайди. Шунингдек, 2020 йилги маълумотларга кўра, мамлакат ЯИМи 262 млрд долларни ташкил қилади. Аҳоли жон бошига ЯИМ эса 95 минг долларга тенг (дунё бўйича 3-ўрин). Қатарнинг ушбу кўрсаткич бўйича илғор давлатлар орасида эканлигини мамлакатнинг табиий газ, нефт ва нефт маҳсулотларини экспорт қилишда етакчи ўринларда туриши билан изоҳлаш мумкин.

Қатар абсолют монархия ҳисобланади ва ҳозирда уни амир Тамим бин Хамад ал-Тани бошқармоқда. Шундай экан, 2022 йилда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати тўлиқ монархия ҳисобланувчи мамлакатда илк бор ўтказилган ЖЧ сифатида ҳам тарихга киради.

Қатарда июнь-июль ойларида ҳаво ҳарорати (сояда) 50 даражагача кўтарилиши мумкин. Бундай юқори ҳарорат футболчилар ва мухлисларнинг соғлиғига жиддий зарар етказиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, 2015 йили ФИФА 2022 йилги жаҳон чемпионати 21 ноябрдан 18 декабргача ўтказилишини эълон қилди. Шундай экан, тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионати қиш фаслида бўлиб ўтади.

Фото: Қатарнинг пойтахти — Доҳа / Pixabay.com

Доҳа шаҳри ўз архитектураси билан бироз Дубай шаҳрини (БАА) эслатади. Қатарда кийиниш маданиятига (дресс-код) жиддий эътибор қаратилади, бу борада бу ерда расмий қоидалар мавжуд. Масалан, сиз ҳеч бўлмаганда тиззагача бўлган узунликдаги кийим кийишингиз, елкангизни ёпиб юришингиз керак бўлади. Қисқа қилиб айтганда, Қатарда ўзига жалб этувчи нарсалар (кийимлар, ҳулқ-атвор) хуш кўрилмайди.

Мамлакат фуқаролари жуда шоҳона яшашади: ҳар бирида виллалар, Феррари, яхталар мавжуд. Бироқ бу фақат маҳаллий аҳоли, тахминан 300 минг киши ҳақидаги таъриф. Мамлакатда истиқомат қилувчи ва ишлаш учун келган 2 млн аҳоли, яъни ишчи муҳожирлар (қурувчилар, хизмат кўрсатиш соҳаси ишчилари) бундай бойликларга эга эмас ва улар шаҳар ташқарисида оддий квадрат-уйларда яшашади. Шаҳар архитектураси ҳам ҳолатни тўлиқ кўрсатиб туради: осмонўпар бинолардан иборат кичик шаҳарча минглаб оддий уйчалар билан ўралган.

Фото: Доҳа (шаҳар ва шаҳар ташқариси) / Wikimedia

Қатарда футбол биринчи рақамли спорт ҳисобланмайди. Бу ерда аҳоли кўпроқ туя пойгаларига қизиқишади. Қатар терма жамоасининг ўзи шу пайтгача футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқа олмаган, 2022 йилда эса Қатар илк бор ушбу мусобақада мезбон сифатида қатнашади. Шундай бўлса-да, Қатар терма жамоаси 2019 йилда бўлиб ўтган Осиё кубоги финалида Японияни (3:1) мағлубиятга учратган ҳолда Осиё чемпиони бўлди.

Можаролар ва сиёсий блокада

Қатар футбол бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилиш ҳуқуқини 2010 йил 2 декабрда қўлга киритди. Футбол тарихидаги 22-жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун 9 та ариза кўриб чиқилган. Қўшма тартибда Испания ва Португалия, шунингдек Бельгия ва Нидерлания, якка тартибда эса Англия, Россия, АҚШ, Япония, Австралия, Индонезия, Мексика давлатлари ЖЧ-2022'ни ўз уйида қабул қилиш учун ариза йўллашди. Мезбонни аниқлаш учун овоз бериш жараёни бир неча тур давом этди. Асосий рақобат АҚШ ва Қатар ўртасида кузатилди. Овоз бериш жараёнининг тўртинчи босқичида Қатар яққол етакчи бўлди ва мезбонлик ҳуқуқига эга чиқди.

Тез орада Қатар ЖЧ-2022'га мезбонлик қилиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ФИФА ижро қўмитаси аъзоларига пора берганликда айбланди. Қатар ҳукумати ушбу айбловга раддия билан жавоб берди. 2010−2014 йилларда, бир қатор ОАВлар, жумладан Буюк Британиянинг The Sunday Times газетаси «жаҳон чемпионати сотиб олингани» тўғрисидаги бир неча далилларни келтирди. Масалан, асли қатарлик собиқ ФИФА ижро қўмитаси аъзоси Муҳаммад бин Ҳаммам футбол доирасидаги юқори лавозимларни эгалловчи инсонларга 5 млн долларга тенг ҳажмда бир неча совғалар бергани ва юридик хизматлар кўрсатгани айтилган эди. ФИФА ушбу можаро билан боғлиқ бир неча суд ишларини ёпишга эришди. Бироқ 2015 йил май ойида ушбу коррупциявий можаро авж олди ва ФИФА барчанинг назарига тушди. Швейцария ҳукумати бир неча ФИФА амалдорларини ҳибсга олди. Ушбу можаро ортидан «Россия ҳам мезбонликни сотиб олган» деган шубҳалар пайдо бўлди. Бироқ 2017 йилда Россия коррупцияга алоқадор эмас деб топилди.

Можаро туфайли 2015 йилда ФИФА раҳбари Йозеф Блаттер ва УЕФА раҳбари Мишель Платини ўз лавозимларини тарк этишди. Блаттернинг айтишича, Қатар фойдасига қарор чиқариши учун Мишель Платинига нисбатан босим ўтказилган ва бу ҳақда УЕФА президенти шахсан Блаттерга ўзи айтган.

2014 йилда ЖЧ-2022 ҳаттоки АҚШга кўчирилиши ёки мезбонлик қилиш учун овоз бериш жараёни қайта ўтказилиши ҳам мумкин эди. Порахўрлик элементини текшираётган мустақил комиссия эса коррупция ҳолатлари аниқланмаганлигини эълон қилди. Можаролар жуда узоқ давом этди, йиллар ўтгани сайин ЖЧ-2022 ўтказилиш жойини ўзгартириш ҳақиқатдан узоқ кўрина бошлади. Гарчи ушбу мавзу ҳали ёпилмаган бўлса-да, футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқи Қатарда қолди.

Қатарнинг жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш даврида яна бир катта можаро юзага келди. Бу сафар Қатарда ишлаш учун келган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилганлиги айтилди. 50 даражагача бўлган иссиқ, қум, чанг, оғир жисмоний меҳнат ва яшаш учун ёмон шароитлар эвазига ҳафтасига бор-йўғи 52 доллар маош берилган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамда ОАВ ходимлари камида 44 нафар қурувчининг ўлим ҳолатлари ва уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлингани ҳақида маълум қилишди. Шунингдек, мингдан ортиқ қурувчиларга 7 ой давомида маош, электр ва сув берилмагани айтилган. Ушбу ҳолатлардан кейин Қатар вазиятни назоратга олди, уларнинг олдини олиш учун махсус комиссия тузилди.

2019 йил август ойида кам иш ҳақи олаётган ишчилар норозилик намойишлари ўтказиб, Қатар кўчаларини тўсиб қўйишди.

2021 йил февраль ойида The Guardian нашри жаҳон чемпионати учун мезбонлик қўлга киритилганидан бери Қатарда 6500 нафардан ортиқ Ҳиндистон, Покистон, Непал, Бангладеш ва Шри-Ланка давлатларидан келган ишчилар вафот этгани ҳақида хабар берди. The Guardian нашрининг ёзишича, катта эҳтимол билан қурбонлар сони бундан анча кўп. Масалан Кения ва Филиппин оролларидан келган ишчилар орасидаги қурбонлар ҳақида аниқ маълумотлар келтирилмаган. Ушбу мақолага германиялик футбол мухлислари жиддий эътибор қаратди. Мухлислар Германия футбол бирлашмасини Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатини бойкот қилишга чақиришди. Норвегия терма жамоаси эса Гибралтарга қарши учрашувда «Инсон ҳуқуқлари — майдонда ва майдондан ташқарида» сўзлари ёзилган футболкада майдонга чиқишди ва шу тарзда ўз норозиликларини билдиришди. Кейинчалик Германия терма жамоаси ҳам шундай чиқиш қилди.

Коррупция билан боғлиқ муаммолар, об-ҳаво муаммоси, инсон ҳуқуқларининг кафолатланмаганлиги ва минглаб қурбонлар, чемпионатни бойкот қилишга чорловлар ва яна бошқа муаммолар ҳақида Википедияда ҳаттоки алоҳида саҳифа очилган.

2019 йил ҳисобига кўра, Қатардаги янги стадионлар ва бошқа қурилиш объектларида жами 28 минг нафар ишчи ишлаётган эди. Сўнгги пайтларда бу борадаги статистика эълон қилинмаяпти ва Қатар барча объектларни ЖЧ-2022'гача қуриб, фойдаланишга топширилишига ишонмоқда.

Бундан ташқари, 2017 йилда Ўрта Шарқдаги сиёсий инқироз сабабли Саудия Арабистони, Миср, Бахрайн, БАА ва Яман Қатар билан дипломатик алоқаларни узди. Ушбу инқироз Қатар иқтисодиётига катта зарба берди. Шу пайтгача Қатарга импорт қилинаётган маҳсулотларнинг 80%и Саудия Арабистонидан кириб келган, чунки Қатар ўз қишлоқ хўжалигига эга эмасди. Блокада сабабли Қатар бозорларида катта муаммолар юзага келди. Нефт нархи ҳам бирдан тушиб кетди, озиқ-овқат дўконларидаги расталар эса бўшаб қолди. Эрон ҳукумати қатарликларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга тайёр эканликларини билдиришди. 2021 йил январида ушбу блокада тўхтатилди.

Қатар жаҳон чемпионатига қандай тайёргарлик кўрмоқда?

Қатар узоқ йиллар давомида чет эллик сайёҳлар учун ёпиқ бўлган ва мамлакатда меҳмонхоналар қурилиши учун талаб деярли катта бўлмаган. ЖЧ-2022 муносабати билан Қатарга 1,3 млн чет эллик мухлислар келиши кутилмоқда, бу эса мамлакат пойтахти Доҳа шаҳри аҳолисидан икки баробар кўпроқ. Шу сабабга кўра, мухлисларни жойлаштириш масаласи жиддий эътиборни талаб этади.

ФИФА талабларига кўра, чемпионатни ўз уйида қабул қиладиган мамлакат меҳмонхоналарда 125 мингта хона тайёрлаб қўйиши лозим. Қатарда эса ариза топшириш вақтида (2010 йил) меҳмонхоналарда 30 мингта хона мавжуд бўлган. Ташкилий қўмита вакилининг таъкидлашича, мамлакатнинг турли ҳудудларида меҳмонларни жойлаштириш учун фан-зоналар ташкиллаштирилмоқда. Айниқса, жаҳон чемпионати учун янги қурилаётган Лусаил шаҳри 200 мингга яқин меҳмонларни қабул қилишга тайёр қилиб қўйилади. Шунингдек таъкидланишича, фан-зоналарнинг кўпчилик қисми ўзига хос чодирлар шаклида ташкиллаштирилади. Ушбу ичи салқин чодирлар Қатар миллий анъаналарига хос тарзда безатилади ва барча қулайликларни ўз ичига олиши кўзда тутилган.

Футболчилар ва мухлислар стадионларда ўзларини яхши ҳис қилишлари учун қурилишда янги технологиялар қўлланмоқда. Барча стадионларда ҳаво ҳароратини 22 даражадан пастда сақлаш учун хизмат қиладиган ҳароратни назорат қилиш тизими ўрнатилмоқда.

Қатар ҳуқуматининг таъкидлашича, исталган меҳмонхонадан стадионларгача барча транспортлар орқали, жумладан метро, автобус, трамвай ва троллейбуслар орқали етиб олиш мумкин бўлади.

Шунингдек, Қатар жаҳон чемпионатига ташриф буюрувчи мухлисларнинг мамлакатда бўлишини осон ва қулай қилишда Россия тажрибасини қўллашни режалаштирмоқда. Яъни футбол мухлислари жаҳон чемпионати пайтида Қатарга боришлари ва у ерда бўлишлари учун фақатгина «мухлис паспорти» — Fan ID талаб этилади. Уларга виза олиш талаби қўйилмайди.

Қатар Ислом дини қоидалари қатъий амал қилувчи мамлакат ҳисобланади. Бу ерда алкоголли ичимлик истеъмол қилиш тақиқланади ва ушбу ҳолат айрим меҳмонларнинг хоҳиш-истаклари билан тўғри келмаслиги мумкин. Ҳукумат бу масалага қуйидагича ечим топди: меҳмонлар учун икки хил турдаги фан-зоналар ташкиллаштирилади — спиртли ичимлик истеъмол қиладиганлар учун алоҳида, бундан сақланадиганлар учун алоҳида.

Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида мухлислар учун яна битта қулайлик — бир кунда иккита футбол учрашувига ташриф буюриш имкони мавжуд бўлади. Мамлакат майдонининг унчалик катта бўлмаганлиги ва стадионларнинг бир-бирига яқин жойлашуви туфайли, мухлислар сув таксиси (агар стадионга бўлган қисқа йўл сув ҳавзаси орқали ўтадиган бўлса) ёки янги қурилган метрополитен орқали бир учрашувдан иккинчисига етиб боришлари мумкин бўлади.

Доҳа метрополитени

Яқин йилларгача Қатарда метро бўлмаган. Футбол байрами учун мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида пойтахт Доҳа шаҳрида нолдан бошлаб метрополитен қурилди. 2019 йилда Доҳа метрополитенининг илк учта йўналиши (қизил, яшил, олтин) ишга туширилди. Ҳозирда яна битта йўналиш — кўк линиянинг қурилиши давом этмоқда ва ЖЧ-2022'гача қуриб битказилиши режалаштирилган. Маълум қилинишича, сўнгги йўналиш ҳам қуриб битказилгач Доҳа метрополитени 70 та бекатдан иборат бўлади.

Фото: Доҳа метрополитени. «Мшейреб» бекати / Hufton+Crow


Фото: Доҳа метрополитени. «Ал-Риффа» бекати / Hufton+Crow

Фото: Доҳа метрополитени. «DECC кўргазмалар маркази» бекати / Hufton+Crow

Фото: Доҳа метрополитени. «Қатар миллий кутубхонаси» бекати / Hufton+Crow

Шу пайтгача Қатар аҳолиси орасида жамоат транспортларига талаб унчалик катта бўлмаган. Маҳаллий аҳолининг катта қисми шахсий автомобилларда ҳаракатланишади. Қатар ҳукумати бутун дунёдан меҳмонларни кутиб олиш мақсадида мамлакат аҳолисининг турмуш тарзи ва шаҳар бўйлаб ҳаракатланишини ҳам ўзгартиришга бел боғлади. Мамлакатдаги илк метрополитен йўналишининг (қизил) қурилиш жараёнлари 2013 йилда бошланган.

Эко шаҳар — Лусаил

Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионатини муваффақиятли ўтказиш учун нафақат метрополитен ва янги стадионлар, балки бутун бошли янги шаҳар — Лусаил қурилмоқда.

Лусаил «Qatar 2030» давлат дастурининг муҳим қисми ҳисобланади ва шаҳар қурилиши 2006 йилда бошланган. Бунгача ушбу ҳудуд бўш ётган ва ҳатто хариталарда ҳам бўлмаган. Лойиҳанинг асосий мақсади мамлакат аҳолиси сонини ошириш ва юқори малакали ишчи кучини жалб этиш ҳисобланади. Футбол бўйича жаҳон чемпионати Қатарда ўтказилиши маълум бўлгач, шаҳар қурилиши кескин тезлашади ва бу ерда 80 минг кишилик сиғимга эга Lusail Iconic стадионини қуришга қарор қилишди. ЖЧ-2022'нинг сўнгги (финал) учрашувлари айнан ушбу стадионда ўтказилиши режалаштирилган.

Лусаил (Lusail) шаҳри замонавий эко-шаҳар сифатида бунёд этилмоқда. Шаҳар Доҳадан 20 км узоқликда, денгиз бўйида жойлашган бўлиб, режага асосан бу ерда деярли ярим миллион аҳолига мўлжалланган мегаполис инфратузилмасини шакллантириш кўзда тутилган.

Шаҳар лойиҳасига ишонадиган бўлсак, Лусаил ЖЧ-2022'гача мана бундай кўринишга эга бўлади:

Фото: Лусаил шаҳар лойиҳаси тақдимотидан.

Шаҳар атмосферасининг ифлосланишини минималлаштириш мақсадида Лусаил шаҳри Доҳа метрополитени ва темирйўллари билан боғланган. Барча туманлар бўйлаб ҳаракатланиш қулай бўлиши учун 4 та маршрут бўйича 36 бекатдан иборат шаҳар трамвай йўли (39 км) йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Лусаил жаҳон чемпионати яқинлашгани сайин катталашмоқда. Шаҳар қурилиш лойиҳасига кўра, бунёдкорлик ишлари 12 босқичда (12 та қурилиш комплекслари) амалга оширилади. Алоҳида босқичлар орасида энг муҳимлари деб Al-Sidra Golf турар-жой мажмуаси, алоҳида кўнгилочар объектларни ўз ичига олган туман, Lusail Iconic Stadium, тиббиёт ва таълим шаҳарчалари ҳамда Qetaifan сунъий оролини келтириш мумкин.

Фото: Лусаил шаҳри (2019−2020) / Flickr.com

Лусаил шаҳрининг умумий майдони 35 кв.км.ни (баъзи манбаларга кўра 38 кв.км) ташкил қилади ва шаҳар лойиҳасининг умумий бюджети 45 млрд долларга тенг. Ушбу шаҳарда 200 мингга яқин жаҳон чемпионати меҳмонлари жойлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Стадионлар

ЖЧ-2022 бешта шаҳарда жойлашган 8 та стадионда бўлиб ўтади. Ал-Хор, Лусаил, Ар-Райян ва Ал-Вакра шаҳарларида биттадан, Доҳа ва унинг атрофида эса 4 та стадион жаҳон чемпионати учрашувлари учун тайёрланмоқда. Қатар ЖЧ-2022'га мезбонлик қилиш учун топширган аризасида чемпионат учун 12 та стадион тайёрланиши белгиланган эди. Бироқ мамлакат ташкилий қўмитаси стадионлар сонига ўзгартириш киритди.

Жаҳон чемпионати доирасида Қатарда гуруҳ босқичида кунига 4 та учрашув ўтказилиши режалаштирилмоқда. 8 та стадион орасидаги бир-бирига энг узоқ бўлган иккита стадион («Ал-Байт» — «Ал-Жануб») ўртасидаги масофа 75 кмни ташкил қилади. Энг яқин масофа эса 5 км (Education City — «Ал-Райян»).

ЖАР, Бразилия ва Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатлари мисолида кўриш мумкинки, ЖЧ учун қурилган стадионлар ўз вазифасини ўтаб бўлгач, қуруқ қолиб кетади. Яъни стадионлар тўлмайди, оқибатда эса зарарига ишловчи лойиҳа деб топилади. Айниқса Қатар каби кичик майдонга эга ва аҳоли сони унчалик кўп бўлмаган мамлакат учун кўпсонли стадионлар фойдаланилмай қолиб кетиш эҳтимоли бор. Қатарликлар ушбу масаланинг ечимини топишди: қурилаётган стадионларнинг кўпчилиги модулли тузилмалардан иборат бўлади. Яъни ЖЧ тугагач, стадионлар сиғимини камайтириш, олиб ташлаш ва стадион қисмларини бошқа жойга кўчира олишади. Қатар чемпионат тугагач, 170 мингта ўриндиқни олиб ташлашни ва Африкадаги мусулмон давлатларга топширишни режалаштирган.

«Лусаил» стадиони

Лусаил шаҳридаги стадион ЖЧ-2022'нинг асосий футбол майдони бўлиши режалаштирилган. Бу ерда жаҳон чемпионатининг финал учрашуви билан биргаликда 10 та ўйин бўлиб ўтади. Стадион янги қурилаётган шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган.

Стадион қурилиши 2017 йилда бошланган ва 2021 йил охирига қадар битказилиши режалаштирилган.



Фото: Лусаил стадионининг лойиҳаси / ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси.

Сиғими: 80 минг киши.

Жойлашган шаҳри: Лусаил.

Доҳа марказидан узоқлиги: 20 км.

Лойиҳа муаллифи: Foster + Partners.

Жаҳон чемпионати тугагач эса Қатар стадиондан бошқа мақсадларда фойдаланишни режалаштирган. Стадион қайта жиҳозланиб, ички ҳудуд фуқаролар фойдаланиши учун ижтимоий объектлар билан тўлдирилади. Стадионда мактаб, турар-жойлар (юқори ярус тўлиқ ўзгартирилади), кафе, ресторанлар ҳамда тиббий клиникалар пайдо бўлади. Қайта жиҳозлаш жараёнида ажралиб қолган қисмлар (стадионга мўлжалланган тузилмалар) бошқа инфратузилмаларга йўналтирилади.

«Халифа» ҳалқаро стадиони

«Халифа» стадиони Қатарнинг энг тарихий стадиони ҳисобланади, у 1976 йилда қурилган. ЖЧ-2022 учун стадион қайта таъмирланиб, объектга совутиш тизими ва 12 мингта қўшимча ўриндиқ ўрнатилди. «Халифа» стадионида 3-ўрин учун ўтказиладиган учрашув билан бирга 8 та ўйин бўлиб ўтади.

Фото: Khalifa International / AFP.

Сиғими: 68 минг киши.

Жойлашган шаҳри: Доҳа.

Доҳа марказидан узоқлиги: 11 км.

Қуриб битказилган: 2017 йил (реконструкция).

«Ал-Байт» стадиони

«Ал-Байт» стадиони кўринишидан араб меҳмондўстлиги рамзи ҳисобланувчи «байт ал-шаар» чодирини эслатади. Айнан ушбу стадионда ЖЧ-2022 нинг очилиши маросими ва илк учрашуви бўлиб ўтади. «Ал-Байт» стадионида жами 9 та учрашув ўтказилади. Ушбу стадион ўзининг очиб-ёпиладиган томига эга.



Фото: «Ал-Байт» стадионининг ташқи кўриниши / AFP.


Фото: «Ал-Байт» стадиони.

Сиғими: 60 минг киши.

Жойлашган шаҳри: Ал-Хор.

Доҳа марказидан узоқлиги: 46 км.

Қурилиш ишлари бошланган: 2014 йил.

Қуриб битказилган: 2020 йил.

Лойиҳа муаллифи: Dar Al-Handasah.

Жаҳон чемпионатидан сўнг стадионни «Ал-Хор» футбол клуби эгаллайди. Шунингдек, стадион инфратузилмасига савдо маркази, овқатланиш жойлари, спорт зали ва спорт-тиббиёт маркази қўшилади.

«Рас Абу Абуд» стадиони

Бу стадион жаҳон чемпионати якунлангач тўлиқлигича «йўқ бўлиб кетади». Ушбу стадион жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк йиғиб олинадиган, юк контейнерларидан (денгиз контейнерлари) ташкил топган стадион бўлади. «Рас Абу Абуд» стадионида жами 7 та учрашув ўтказилади.


Фото: «Рас Абу Абуд» стадионининг лойиҳаси / ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси.


Фото: «Рас Абу Абуд» стадионининг қурилиш жараёни / ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси.

Сиғими: 40 минг киши.

Жойлашган шаҳри: Доҳа.

Доҳа марказидан узоқлиги: 7 км.

Қурилиш ишлари бошланган: 2018 йил.

Лойиҳа муаллифи: FIA Fenwick Iribarren Architects.

Стадион 2021 йил охирига қадар қуриб битказилиши режалаштирилган.

«Education City» стадиони

«Education City» стадиони билим ва инновациялар маркази ҳисобланувчи Qatar Foundation`нинг қоқ ўртасида жойлашган бўлиб, арена Қатарнинг етакчи илмий ва ўқув муассасалари билан ўралган. ЖЧ-2022'да «Education City»да жами 8 та ўйин ўтказилади. Ушбу стадиондан келажакда талабалар ва ўқитувчилар фойдаланиши режалаштирилган. «Education City»нинг очилиш маросими 2020 йилнинг 15-июнида онлайн кўринишда бўлиб ўтди. Маросим COVID-19 пандемияси даврида, тиббиёт соҳаси ишчиларига бағишланган ҳолда ўтказилди.


Фото: «Education City» стадионининг лойиҳаси / ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси.


Фото: «Education City» стадионининг ички кўриниши / ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси.

Сиғими: 40 минг киши.

Жойлашган шаҳри: Доҳа.

Доҳа марказидан узоқлиги: 13 км.

Қурилиш ишлари бошланган: 2016 йил.

Қуриб битказилган: 2020 йил, июнь.

Жаҳон чемпионати тугагач, ушбу стадионнинг ҳам ўридиқлари 20 минг кишига камайтирилади, ажратиб олинган қисмлар эса спорт инфратузилмасига муҳтож бўлган мамлакатларга юборилади. «Education City» маҳаллий аҳоли, шу жумладан, талабалар ва ўқитувчилар учун асосий марказга айлантирилиши режалаштирилган. Бу ерда кейинчалик конференц-заллар, савдо зоналари, соғломлаштириш маркази ва иккита мактаб қурилади.

«Ал-Тумама» стадиони

«Ал-Тумама» стадионининг дизайни араб дунёси учун анъанавий бўлган бош кийим — гаҳфиядан илҳомланиб яратилган. Ушбу стадион ЖЧ-2022 доирасида жами 8 та учрашувни қабул қилади.


Фото: «Ал-Тумама» стадионининг ҳозирги кўриниши / ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси.

Сиғими: 40 минг киши.

Жойлашган шаҳри: Доҳа.

Доҳа марказидан узоқлиги: 12 км.

Қурилиш ишлари бошланган: 2017 йил.

Лойиҳа муаллифи: Arab Engineering Bureau.

Стадион 2021 йил охирига қадар қуриб битказилиши режалаштирилган. «Ал-Тумама» стадионининг тақдири ҳам ҳудди «Education City»никига ўхшаш, жаҳон чемпионати тугагача, ўриндиқлар сони 20 мингтагача камайтирилади ва бўш қолган ҳудудларда турли хил спортлар билан шуғулланиш учун ижтимоий марказ яратилади.

«Ал-Райян» стадиони

«Ал-Райян» стадиони собиқ «Аҳмад бин Али» номли стадион ўрнида қурилган ва айнан шу сабабга кўра, бу стадионни «Аҳмад бин Али» стадиони деб ҳам аташади. Янги арена қурилишининг ўзига хос хусусияти шундаки, қурилиш учун эски мажмуанинг қайта ишланган материалларидан фойдаланилган. Ушбу майдонда ЖЧ-2022'нинг 7 та учрашуви бўлиб ўтади.


Фото: «Ал-Райян» стадиони / ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси.

Сиғими: 40 минг киши.

Жойлашган шаҳри: Ал-Райян.

Доҳа марказидан узоқлиги: 22 км.

Реконструкция тугаган: 2020 йил.

Лойиҳа муаллифи: Ramboll.

Жаҳон чемпионати тугагач, ушбу стадиондаги ўриндиқлар сони ҳам икки баробар қисқартирилади. Стадион атрофидаги майдонни эса крикет ва футбол ареналари, болалар майдончаси, очиқ спорт зали, теннис корти, сув спорти маркази ва югуриш йўлакчалари билан жиҳозланган бутун бир спорт кластерига айлантириш режалаштирилган.

«Ал-Жануб» стадиони

«Ал-Жануб» стадиони ЖЧ-2022 учун нолдан бошлаб қурилган биринчи стадион ҳисобланади. Мухлисларни қуёш нурларидан сақлаш мақсадида, ушбу стадион учун усти очиб-ёпиладиган тузилма лойиҳалаштирилган. Стадион том қисми ёпилгач, мухлислар иссиқ ҳаводан қийналмасликлари учун стадион бўйлаб совутиш тизими ўрнатилган. «Ал-Жануб» стадионининг очилиш маросими 2019 йил 16 май куни бўлиб ўтган.

Стадион дизайнини яратишда Қатарнинг «дхоу» деб номланувчи анъанавий қайиқларининг елканларидан илҳомланилган. «Ал-Жануб» стадиони ЖЧ-2022'нинг 7 та учрашувини қабул қилади.


Фото: «Ал-Жануб» стадиони / ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси.

Сиғими: 40 минг киши.

Жойлашган шаҳри: Ал-Вакра.

Доҳа марказидан узоқлиги: 23 км.

Қурилиш ишлари бошланган: 2014 йил.

Қурилиш ишлари тугаган: 2019 йил, май.

Жаҳон чемпионатидан сўнг, стадион 20 мингта ўриндиққача қисқартирилади ва «Ал Вакра» маҳаллий клуби учун янги уй стадионига айлантирилади. Стадион яқинида велосипед ва югуриш йўлаклари, ўйин майдончаларини ўз ичига олган «Ал -Жануб» боғи мавжуд. Кейинчалик бу ерда бозор, масжид ва мактаб ҳам қурилади.

Қатарча стратегия

Қатар ФИФА билан биргаликда барқарор ривожаниш стратегиясини ишлаб чиқишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига асосий эътиборини қаратди. Қатар 2022 йилги жаҳон чемпионати тарихдаги энг экологик тоза чемпионат бўлишини ваъда қилмоқда.

Нималар режалаштирилган:

  • вақтинчалик қувват генераторлари сонини оптималлаштириш;
  • кераксиз материаллар сонини камайтириш;
  • экологик тоза технологиялардан фойдаланиш;
  • жаҳон чемпионати пайтида туристик ва хизмат сафарларини камайтириш;
  • энергия самарадорлигини оширувчи ва чиқиндиларни камайтирадиган материалларни сотиб олиш;
  • электр транспорти: метро, электр автобуслар (сотиб олинган) ва трамвайларни йўлга қўйиш;
  • стадион ва машғулот майдонлари яқинида дарахтлар ва ўсимликлар экиш (тахминан 850 000 кв.м).

Ҳозирда Қатарда чиқиндиларнинг атиги 10 фоизи қайта ишланади, лекин 2022 йилга келиб бу кўрсаткични 15 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, Қатарда мухлислар учун чиқиндиларни саралаш учун махсус қутилар ўрнатилади. Қатарнинг бу борадаги стратегияси билан бу ерда танишиш мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қатар ўз уйида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига фақат COVID-19'га қарши вакциналарни қабул қилган меҳмонларни киритишини эълон қилган.