6 сентябрь куни Тошкент метрополитенида ўтган ҳафтада келтирилган янги метро поездлари эксплуатацияси бошланди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати.

Қайд этилишича, янги поездларнинг созлаш ишлари якунлангач, энг кўп йўловчилар оқимига эга бўлган Чилонзор йўналишида учта ҳаракат таркиби ўз ишини бошлади. Қолган яна иккита метро поезди яқин орада ушбу йўналишда ҳаракатланади.

Хабарга кўра, Чилонзор йўналишида эрталабки тиғиз вақтда соат 07:30 дан 9:00 гача поездлар орасидаги интервал 3 дақиқани ва кечқурунги тиғиз вақтда 16:30 дан 19:30 гача 4 дақиқани ташкил этилмоқда.

Август ойининг охирида Россиядан Ўзбекистонга 20 та янги метро вагонлари (тўрт вагонли бешта поезд) олиб келинди. Поездлар Россиянинг «Метровагонмаш» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган. Йил охирига қадар ушбу модификасиядаги яна 20 та метровагони Тошкентга етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Фото: «Трансмашхолдинг»