Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни эрта тонгда Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари ахборот хизмати.

У ерда Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди ҳамда элга ош тортилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шаҳидлар хотираси хиёбонида «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи биноси реконструкция қилинди. Давлат раҳбари ушбу музейни кириб кўрди. У ерда яратилган шароитлар, тарихий ҳужжатлар билан танишди.

«Кўриниб турибдики, катта салоҳиятга эга етакчилар, олимлар, адиблар, шифокорлар, ўқитувчилар қатағон қилинган. Улар халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Мустабид тузумга миллат кўзини очадиган, унга ўзлигини танитадиган зиёли инсонлар керак эмас эди. Уларнинг айби — буюк бўлгани», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда қатағон қурбонларига бағишланган музейлар ташкил этилди. Уларда расмий материаллар билан бирга оилавий архивларда сақланиб қолган кўплаб тарихий ҳужжатлар, ноёб суратлар тўпланмоқда. Қатағон қурбонларининг номлари, уларнинг ҳаёти ва фаолияти вилоятлар, туманлар кесимида аниқланмоқда. Бу маълумотлар асосида кўп жилдлик «Қатағон қурбонлари» китоби нашрга тайёрланяпти.

Президент бундай катта, илмий асарлар билан бирга мактаб ўқувчилари учун содда тилда, кичик-кичик китоблар чиқариш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга Тарих институтининг илмий ходимларини бириктириб, ҳар бир ҳудуддаги жадидлар, қатағон қурбонлари номини тиклаб бориш бўйича кўрсатма берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари тарихни ўрганиш ва ўргатиш вазифалари ҳақида гапирди.

«Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми — ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак», — дея таъкидлади президент.

Хабарга кўра, 25 август куни Олий суд томонидан 115 нафар қатағон қурбони оқлангани тўғрисидаги қарорни президент олқишлади.

«Орадан қарийб юз йил ўтиб адолат қарор топди. Миллий истиқлолимиз учун кураш олиб борган, лекин реабилитация қилинмай қолган 115 нафар бобомизнинг пок номлари оқланди. Ҳали бундайлар қанча? Ватанпарвар инсонларнинг шаънини тиклашга қаратилган эзгу ишларни давом эттириш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.