Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати айрим ахборот агентликлари ва интернет сайтларида тарқалган Ўзбекистоннинг Афғонистондаги толиблар режимидан қочаётган одамлар учун ўз чегараларини очишга тайёр эканлиги тўғрисидаги хабарларни рад этди.

Расмий баёнотда қайд этилишича, ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва «Термиз» назорат-ўтказиш пунктидан қуруқлик орқали ўтиш амалга оширилмаяпти. Яқин орада Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги «Термиз» назорат-ўтказиш пунктини очиш кўзда тутилмаган. Чегарани кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишлар, уларнинг сабабларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бартараф этилади, дейилади хабарда.

Ташқи сиёсат идораси охирги 12 кун ичида Афғонистондан ўз фуқароларини эвакуация қилиш бўйича гуманитар операцияларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиб, уларнинг мамлакатимизга келиши ва Ўзбекистонни тарк этиши фақат ҳаво йўли орқали амалга оширилишини маълум қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ўз ҳудудида афғон қочоқларини қабул қилмаслигини, транзитда ёрдам кўрсатишини, уларнинг мамлакатда қатъий чекланган вақтда бўлиб туришини яна бир бор маълум қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ҳамда қўшни мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига қатъий содиқлигини яна бир бор таъкидлади.

Россия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон аввалроқ Афғонистон фуқаролари чегарада бошқа давлатларга учиш чиптасини кўрсатиб ўтаётгани, бироқ хорижга кетмасдан, мамлакатда қолиб кетаётгани ҳақида хабар қилган эди. Сенатор Қутбидин Бурхонов мазкур ҳолат террористик фаолият учун қулай шароит яратишидан хавотир билдирди. ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев бунга жавобан транзит жараёнида чет эл фуқароларининг дастлабки рўйхати тузилиши ҳамда улар «фильтр»дан ўтказилишини маълум қилди.